add

«Ўзбекнефтгаз» ўз олдига долзарб 100 кунлик ва 10 устувор вазифа белгилади

Bugun 16:103143 daqiqa

Сангинов ўтказган йиғилишларда маҳсулот таннархини пасайтириш, нефт базаларида ўғриликларга ва бошқа ноқоннуний хатти ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган қатъий чоралар масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, 10 та устувор вазифа белгиланди.

«Ўзбекнефтгаз» ўз олдига долзарб 100 кунлик ва 10 устувор вазифа белгилади

«Ўзбекнефтгаз»да 23 декабр куни ўтказилган йиғилишда трансформация, харажатларни қисқартириш ва аҳолини узлуксиз газ билан таъминлаш 2026 йилга қаратилган асосий устувор вазифалар сифатида белгиланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖга янгидан раҳбар этиб тайинланган Абдуғани Сангинов раислигида ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Унда соҳада шу пайтгача бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси давр учун аниқ ҳаракатлар режаси ва амалий вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этди, деб хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Муҳокамаларда 2026 йилга мўлжалланган комплекс режаларни барча йўналишлар бўйича ишлаб чиқиш устувор вазифа сифатида қайд этилди. Шунингдек, турли кредит линияларини жалб этмасдан, компания фаолиятини барча босқичларда янгилаш ва халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди.

Йиғилишда маҳсулот таннархини босқичма-босқич пасайтириш, нефт базаларида талон-торожлик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қатъий чораларни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналишда назоратни кучайтириш ва жавобгарликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, компанияда трансформация жараёнларини жадаллаштириш, иқтисодий блок фаолиятини танқидий таҳлил қилиш ва ортиқча харажатларни кескин қисқартириш вазифалари белгилаб олинди. Мавжуд молиявий ресурсларни, аввало, геологик қидирув ишларига ва қазиб олиш ҳажмларини тубдан яхшилашга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Алоҳида таъкидланган масала — қишнинг совуқ кунларида газ қазиб олишни барқарорлаштириш ва аҳолини узлуксиз газ билан таъминлаш давлат сиёсатида устувор аҳамиятга эга эканидир. Қайд этилишича, давлат раҳбари белгилаган асосий вазифа — халқ манфаатларидан келиб чиқиб иш кўриш, энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш ва ижтимоий барқарорликни сақлашдан иборат.

23 декабр куни ўтказилган яна бир йиғилишда компанияда «долзарб 100 кунлик» эълон қилиниб, ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун 10 та устувор вазифа белгилаб олинди.

Раис ўз нутқида жамият фаолиятини қамраб олувчи ягона стратегия ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича аниқ дастур зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда компания ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқиш учун 10 та устувор йўналиш белгиланди. Улар қисқа ва узоқ муддатли режаларни шакллантириш, вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга хизмат қилади.

Устувор йўналишлардан бири сифатида стратегик бошқарув ва кундалик операцион фаолиятни ажратиш белгиланди. Бу қарор раҳбариятни ортиқча маъмурий юкламалардан халос қилиб, стратегик қарорлар қабул қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, бевосита раисга бўйсунадиган Стратегия офиси ташкил этилиши режалаштирилди.

Инвестиция сиёсатида иқтисодий самарадорлик асосий мезонга айланади. Фақат тўлиқ ишлаб чиқилган ва рентабеллиги исботланган лойиҳалар инвестиция дастурларига киритилади. Қазиб чиқаришда эса «ҳажм ортидан қувиш» амалиётидан воз кечилиб, ҳар бир кон бўйича қўшилган қиймат ва фойдалилик устувор аҳамият касб этади.

Шунингдек, геологик қидирув ишлари харажатларини оптималлаштириш, газни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, молиявий ошкораликни таъминлаш, кредит юкини кескин камайтириш, KPI асосида кадрлар сиёсати ва рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект жорий этиш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун компанияда «долзарб 100 кун» режими эълон қилинди.

Teglar

Mavzuga oid