«Ўзбекнефтгаз»да оптималлаштириш: янги конлар ва аудит
Президент «Ўзбекнефтгаз»да харажатларни қисқартириш, захираларни ошириш ва халқаро аудит жорий этиш бўйича топшириқлар ижросини кўриб чиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан берилган топшириқлар ижроси билан танишди. Жорий йил 30 январда ўтган тақдимотда операцион самарадорликни кучайтириш, молиявий барқарорликни таъминлаш ва геология-қидирув ишларини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилган эди.
Давлат раҳбарига мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот тақдим этилди. Харажатларни мақбуллаштириш мақсадида марказий аппарат тузилмаси қайта кўриб чиқилиб, оптималлаштириш бошланган. Ишлаб чиқариш хизматлари, товар ва материаллар нархлари ҳамда пудрат ишлари бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилмоқда.
Харажатлар ва қарзлар
Компанияда кредит портфелини тартибга солиш, дебитор қарздорликни қисқартириш ва соҳага дахлдор бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш ишлари бошланган. Бу чоралар молиявий барқарорликни тиклашга қаратилган.
Шунингдек, харид жараёнларини такомиллаштириш, форензик аудит ўтказиш ва ESG тамойилларини жорий этиш режалаштирилган. Ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ишлари ҳам тезлаштирилади.
Қидирув ва захиралар
Геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва углеводород захираларини ошириш алоҳида эътибор марказида. 2026-2027 йилларда янги майдонларда қидирув ишларини кучайтириш, 3D сейсмик-қидирув ҳажмларини ошириш ва қудуқларни қурилиш билан якунлаш режалаштирилган.
Жорий йил январ-феврал ойларида иккита янги газ конденсат кони очилгани маълум қилинди. Президент белгиланган вазифаларни аниқ ҳисоб-китоб, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ижро этишни давом эттиришни топширди.
Аввлроқ Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жами 6 та қудуқдан саноат миқёсида табиий газ оқими олинганини ҳақида хабар берган эдик.





