add

«Ўзбекнефтгаз»нинг 4 та нефт базаси раҳбарлари ишдан олинди

Kecha 17:062 daqiqa

«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси ишдаги камчиликлари учун 4 та ҳудуддаги нефт базалари раҳбарларини ишдан бўшатди.

«Ўзбекнефтгаз»нинг 4 та нефт базаси раҳбарлари ишдан олинди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов қатор ҳудудий нефт базалари раҳбарларини эгаллаб турган лавозимларидан озод қилди. Бунга раҳбарларнинг 2025 йил давомида аниқланган жиддий камчиликлари ҳамда базалардаги молиявий-интизомий ҳолатнинг қониқарсизлиги сабаб бўлгани қайд этилмоқда.

Компания матбуот котиби Мўмин Ибодовнинг маълум қилишича, бу қарор нефт базалари раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирокида ўтказилган йиғилиш якунида қабул қилинган. Унда нефт базалари фаолиятини соғломлаштириш, солиқ юкини оптималлаштириш, ишчи-хизматчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва ўртача иш ҳақини ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, Термиз, Жиззах, Мароқанд ҳамда Кучлик нефт базалари раҳбарлари йўл қўйган жиддий камчиликлари учун лавозимларидан озод этилди. Хусусан, Термиз нефт базасига раҳбарлик қилиб келган Ғайрат Норқобилов, Жиззах нефт базаси раҳбари Муҳаммадали Умаров, Мароқанд нефт базаси раҳбари Анвар Икромов ҳамда Кучлик нефт базаси раҳбари Элёр Худайшукуров ишдан олинган.

Йиғилишда аҳолига ҳалоллик, поклик ва очиқлик тамойиллари асосида хизмат кўрсатиш, сифатли нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш компания олдидаги устувор вазифалар экани алоҳида таъкидланган.

Маълумот учун, Абдуғани Сангинов 2025 йил 17 декабрдан буён «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси лавозимида фаолият юритмоқда. У мазкур лавозимда Баҳодиржон Сидиқов ўрнини эгаллаган. Бунга қадар Сангинов 2017 йилдан бери «Ўзбекгидроэнерго» компанияси раиси сифатида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, 19 декабр куни бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирокида ўтган йиғилишда соҳа танқид қилинган ва нефт-газ йўналиши учун иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев масъул этиб белгиланган. Йиғилишда Сангинов компанияни трансформация қилиш, газ қазиб олишни барқарорлаштириш ва бурғилаш харажатларини 20 фоизга қисқартириш, газни чуқур қайта ишлашга устуворлик бериш режаларини ҳам маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid