Ўзгидромет хусусий ҳаво сифатини ўлчаш сенсорларининг ишлашида хатоликларни аниқлади

09.12.2025 | 12:552 daqiqa

«Ўзгидромет» мутахассислари расмий ва хусусий ҳаво сифати датчиклари маълумотлари ўртасидаги сезиларли фарқ сабабини тушунтирди.

Ўзгидромет хусусий ҳаво сифатини ўлчаш сенсорларининг ишлашида хатоликларни аниқлади

Ўзгидромет мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда кўплаб компаниялар ва фуқаролар томонидан ўрнатилган хусусий ҳаво сифати датчикларининг кўрсаткичларида жиддий хатоликлар кузатилмоқда. Бундай ноаниқликларнинг асосий сабаби сифатида ушбу қурилмаларнинг техник стандартлар ва ўрнатиш бўйича махсус йўриқномаларни қўпол равишда бузган ҳолда жойлаштирилгани кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат атмосфера ҳавосининг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи объектив манзарани шакллантиришни анча мураккаблаштириб юбормоқда. Агентлик маълумотларига кўра, нотўғри жойлаштирилган қурилмалар аҳолига тақдим этилаётган маълумотлар сифатига салбий таъсир кўрсатиб, жамоатчиликда нотўғри тасаввур уйғотмоқда.

Шу муносабат билан, датчик эгаларига ускуналарни тўғри ўрнатиш ва улардан фойдаланиш бўйича профессионал тавсиялар ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фикрича, фақатгина белгиланган нормаларга амал қилингандагина олинган маълумотларни ишончли деб ҳисоблаш мумкин бўлади.

Вазиятни ўнглаш ва хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш мақсадида Ўзгидромет махсус Очиқ эшиклар кунини ташкил этмоқда. Тадбир 9 декабр куни соат 10:00 дан 12:00 гача агентлик биносида бўлиб ўтади. Унда ўз датчикларини ўрнатишни режалаштираётган тадбиркорлар ёки ускуналарни жойлаштириш қоидаларини аниқлаштирмоқчи бўлган фуқаролар ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан бевосита жавоб олишлари мумкин.

Алоҳида қайд этилишича, расмий Air Tashkent тизими фақатгина Ўзгидрометнинг давлат сертификатидан ўтган станциялари маълумотларига таянади. Шу сабабли, ушбу тизим кўрсаткичлари хусусий нуқталарни ҳам ўз ичига олган халқаро IQAir каби платформалардан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Давлат тизими маълумотларининг ҳаққонийлиги халқаро стандартларга мос келадиган қатъиy назорат ва метрологик текширувлар билан таъминланади.

Teglar

Mavzuga oid