Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлашни бекор қилиш режалаштирилмоқда

«Даладан дастурхонгача» тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлашни бекор қилиш режалаштирилмоқда © Foto: president.uz

12 май куни Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш, экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни мақсад қилган.

Йиғилишда ушбу марраларга эришиш учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Учта идора негизида янги қўмита тузилади

Ҳозирга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва назорати билан учта идора шуғулланиб келмоқда. Оқибатда санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмаган, айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорламоқда. Бу эса тадбиркорларнинг экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринария қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология тизимида 44 та вазифа ва функция мавжуд. Шу билан бирга, маҳсулотни «етиштиришдан истеъмолчигача» кузатиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Экспорт соҳасида ҳам муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, Ўзбекистон маҳсулотларида пестицид қолдиқлари аниқлангани сабабли Европа Иттифоқи томонидан 25 та огоҳлантириш берилган. Бу эса ташқи бозорларда товарлар рақобатбардошлигини ошириш учун хавфсизлик назорати тизимини қайта кўриб чиқишни талаб этади.

Амалда назорат органлари асосан тайёр маҳсулотни текшириш билан чекланиб қолган, ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичларида халқаро хавфсизлик стандартларини жорий этишга эса етарлича эътибор берилмаган.

Шу муносабат билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратилиши белгиланди.

Шу мақсадда «даладан дастурхонгача» тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. Янги орган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ва Санэпидқўмитанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши негизида шакллантирилади.

Мажбурий сертификатлаш бекор қилинади

Янги тизимда бизнес учун тўсиқлар яратаётган эскирган текширувлардан воз кечиш режалаштирилган. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.

Ҳозирда бундай ёндашув мамлакат бўйлаб мавжуд 80 мингта объектдан атиги 1,6 мингтасида (тахминан 2 фоизида) қўлланилмоқда. Эндиликда хавфли маҳсулотлар тўғрисида тезкор хабар бериш ва уларни қайтариб олиш бўйича электрон тизим яратилади.

Teglar

Mavzuga oid