P2P-операциялар мониторинги, биржа савдоларидан четлаштирилган корхоналар ва 50 минг доллар билан ушланган Андижон ҳокими ўринбосари — 6-апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

P2P-операциялар мониторинг қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрел куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди. Қайд этилишича, солиқ тизимини изчил ислоҳ қилиш орқали 2030-йилга бориб, солиқ тушумларини 491,5 триллион сўмга етказиш, иқтисодиётда кузатилмайдиган улушни эса 28 фоиздан 19,6 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.
Йиғилишда солиқ тушумларини оширишдаги энг катта захира яширин иқтисодиётни қисқартириш экани таъкидланган. Президент рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, “ақлли” назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтган. Бу савдо ва хизматлар, саноат, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда бошқа соҳаларда P2P-операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш, рақамли назоратни кучайтириш, юкларни ҳужжатсиз ташиш фаолиятини автоматик аниқлаш ва норасмий бандликни расмийлаштириш каби механизмлардан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланиши мумкин.
2026-йилнинг март ойи учун «Палов индекси» маълумотлари эълон қилинди
Миллий статистика қўмитаси 2026-йил март ойи учун «Палов индекси»ни эълон қилди. Унга кўра, 1 кг палов тайёрлаш харажати энг юқори Тошкент шаҳрида — 119 989 сўм, энг паст кўрсаткич эса Қорақалпоғистонда — 99 973 сўмни ташкил этган. Шунингдек, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятида ҳам кўрсаткичлар нисбатан юқори бўлса, Сирдарё ва Андижон каби ҳудудларда пастроқ қайд этилган.
Ҳисоб-китоблар палов тайёрлаш учун зарур асосий маҳсулотлар — ёғ, гўшт, гуруч, сабзи ва бошқа ингредиентлар нархи асосида амалга оширилган. Ушбу кўрсаткичлар тайёр палов нархини эмас, балки уни тайёрлаш харажатларини акс эттиради.
Ўзбекистон Афғонистон билан фармацевтика савдосини кескин оширмоқчи
2026 йил 4 апрел куни Қобулда Ўзбекистон делегацияси Афғонистон расмийлари билан музокаралар ўтказиб, фармацевтика савдосини 500 млн долларга етказишни устувор вазифа сифатида белгилади. Учрашувларда қўшма ишчи гуруҳ тузиш, бозорга кириш механизмларини соддалаштириш ва халқаро GDP стандартларини жорий этиш орқали маҳсулот сифати ва логистика занжирини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Афғонистондаги дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
AFDA билан музокараларда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг узоқ давом этаётгани асосий тўсиқ сифатида қайд этилди ва уни соддалаштириш таклиф қилинди. Томонлар шоурум ташкил этиш, давлат харидларида иштирокни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш бўйича келишувларга эришди. Бу ташаббуслар савдо ҳажмини ошириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
29 та корхона биржа савдоларидан четлаштирилди — Рақобат қўмитаси
Ўзбекистонда буғдой ва ун маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш бўйича ўтказилган мониторинглар натижасида қатор қонунбузарликлар аниқланди. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, давлат ресурси буғдойидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни биржа савдоларига чиқармаслик ҳолатлари қайд этилган ва 2026 йил 3 апрелдан бошлаб 29 та корхона биржа савдоларидан четлаштирилди.
Шунингдек, жорий йил биринчи чораги якунлари бўйича 25 та ун ишлаб чиқарувчи корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Қўмита ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун биржа савдоларида шаффофлик ва интизом устидан назорат кучайтирилишини, қонунбузарликларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Андижон вилоят ҳоким ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга тушди
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Исманов Исомиддин Бахриддинович 2026 йил 4 апрель куни тезкор тадбирда 50 минг доллар пора билан қўлга олинди. Тергов маълумотига кўра, у тадбиркорга Бобур шаҳри ҳудудидан 20 сотих ер ажратиб бериш учун ҳар сотихига 2 500 доллардан пул талаб қилган. Пора сифатида берилган маблағлар кимёвий ишлов билан назорат остида топширилиб, у пулни қабул қилаётган вақтда ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ҳибсга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





