
Педофилларга нисбатан жамоатчилик назоратидаги реестр жорий этиш таклиф қилинди
Фарғонада вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 14 ёшли қизга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат жамоатчилик эътиборини болалар хавфсизлиги ва жинсий жиноятлар учун жавобгарлик масаласига яна бир бор қаратди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеа юзасидан 2026 йил 10 январ куни Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми — номусга тегиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумон қилинувчи шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан ушланган ва суд қарори билан уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти ИИБ томонидан олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг хотин-қизлар ва болалар масалалари бўйича бошқармаси раҳбари Нилуфар Ғиёсова ҳолатни тасдиқлар экан, жабрланувчи вояга етмаган шахс экани сабабли иш тафсилотлари чекланган ҳолда очиқланишини билдирди. Болалар омбудсмани ҳам иш юзасидан изоҳ бериб, болага оид маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалиши унинг ҳуқуқлари ва манфаатларига зарар етказишини таъкидлади.
Мазкур воқеадан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» партияси фракцияси аъзоси Дилноза Азизова болаларга қарши жинсий жиноятларга нисбатан қатор қатъий чораларни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жазо кескин кучайтирилиши лозим.
Шунингдек, болаларга қарши жинсий жиноят содир этган шахслар учун очиқ ва жамоатчилик назоратидаги махсус реестр жорий этиш, мактаб, маҳалла ва оила даражасида болаларни ҳимоя қилишга қаратилган мажбурий профилактик тизимни шакллантириш таклиф этилди. Бундан ташқари, жабрланувчи болаларга давлат ҳисобидан узлуксиз психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Мутахассислар бу каби чоралар жинсий жиноятларнинг олдини олиш ва болалар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Дилноза Азизова наманганлик 7 ёшли қизча билан бўлган воқеадан сўнг болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқни жорий этишни таклиф қилган эди.





