Logo

Пенсия ёши оширилиши, минимал иш стажи 15 йилга етказилиши мумкин — фармон лойиҳаси

Bugun 16:416 daqiqa

Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Vaqt.uz унда таклиф этилаётган ўзгаришлар ва янги тартибларни батафсил тушунтиради.

Пенсия ёши оширилиши, минимал иш стажи 15 йилга етказилиши мумкин — фармон лойиҳаси

Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш, пенсия тайинлаш учун зарур минимал иш стажини 15 йилга етказиш, жамғариб бориладиган пенсия тизимига давлат томонидан қўшимча маблағ ажратиш ва фуқароларга пенсия жамғармаларини инвестиция қилиш имконини бериш таклиф этилмоқда.

Лойиҳага кўра, 2027-йил 1-январдан пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган иш ҳақи даври босқичма-босқич узайтирилиб, 20 йилга етказилади. Бунда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизини пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал иш стажи ҳам босқичма-босқич оширилади. Ҳозирги 7 йиллик минимал стаж ҳар йили бир йилдан қўшиб борилиб, 2034-йилда 15 йилга етказилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда минимал иш стажига эга бўлмаган фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшидан беш йил ўтгач ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш таклиф қилинмоқда.

Пенсия ёши қандай ўзгаради?

Фармон лойиҳасида пенсия ёшини ҳам босқичма-босқич ошириш назарда тутилган.

Таклифга кўра, 2027-йил 1-январдан умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирган ҳолда пенсия тайинлаш тартиби бекор қилинади.

2028-йил 1-январдан эса пенсия ёши ҳар йили уч ойдан ошириб борилади. Натижада 2039-йилга бориб эркаклар учун пенсия ёши 63 ёшга, аёллар учун 58 ёшга етказилиши таклиф этилмоқда.

Лойиҳада пенсия ёшини ошириш жараёнида пенсияолди ёшидаги фуқаролар учун бир қатор кафолатлар ҳам белгиланмоқда.

Жумладан, фуқаронинг пенсияолди ёши асос қилиб кўрсатилиб, уни ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишдан бош тортишга йўл қўйилмайди.

Ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар учун пенсияга икки йил олдин муддатидан аввал чиқиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Ерости ишларида, шунингдек, зарарли ва оғир меҳнат шароитларида тўлиқ иш куни давомида ишлаган эркакларга 50–55 ёшда, аёлларга эса 45–50 ёшда имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланиши таклиф этилмоқда.

Пенсия олувчиларга татбиқ этиладиган солиқ, транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги имтиёзлар ҳам сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, эркакларга 60 ёшдан, аёлларга 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.

Кечроқ пенсияга чиққанларга қандай рағбат бўлади?

Лойиҳада пенсия ёшига етганидан кейин ҳам ишлашни давом эттираётган ва юқори даромаддан ижтимоий солиқ тўлаётган фуқаролар учун қўшимча рағбат чоралари назарда тутилган.

2028-йил 1-апрелдан биринчи марта пенсия тайинлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган юқори чегарасини пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараваригача ошириш таклиф қилинмоқда.

Агар фуқаро пенсияга 6 ой кеч чиқса, ушбу чегара 14 бараваргача, 12 ой кеч чиқса, 15 бараваргача оширилади.

Жамғариб бориладиган пенсияга давлат ҳам маблағ қўшади

Фармон лойиҳасида жамғариб бориладиган пенсия тизимини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

2027-йил 1-январдан ўртача ойлик иш ҳақи пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан кам бўлган фуқаролар томонидан жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрий равишда иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида ўтказилган маблағга давлат бюджети ҳисобидан 50 фоизгача қўшимча маблағ тўлаб берилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ўртача ойлик иш ҳақининг пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан юқори қисмидан 1 фоиз миқдоридаги маблағ ижтимоий солиқ ҳисобидан фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига йўналтирилади.

Бу миқдорни 2033-йилдан 2-фоизга, 2040-йилдан эса 3 фоизга етказиш таклиф этилмоқда.

Фуқароларга ўз жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларни инвестиция ва молиявий воситаларга жойлаштиришда иштирок этиш имконияти ҳам берилиши кўзда тутилган.

Бундай инвестициялардан олинган йиллик даромад фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларга қўшиб борилади.

Пенсия жамғармасидан ипотека ва даволаниш учун фойдаланиш мумкин бўлади

2030-йил 1-январдан бошлаб жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлардан оғир касалликка чалинганда даволаниш учун ҳамда ипотека кредити бўйича бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида тўпланган маблағлар, жумладан, давлат бюджети ва ижтимоий солиқ ҳисобидан қўшимча тўланган маблағлар ҳамда инвестициялардан олинган даромад фуқаронинг шахсий мулки ҳисобланиши белгиланмоқда.

Бу маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи ҳам сақлаб қолинади.

Жамғариб бориладиган пенсия тизими Халқ банкидан Пенсия жамғармасига ўтказилади

2027-йил 1-январдан фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимини АТ «Халқ банки»дан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказиш таклиф қилинмоқда.

Корхона ва ташкилотларга қўшимча ноқулайликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ҳисоботи ва шахсий пенсия ҳисобварақларидаги маблағлар ҳисобини юритиш 2027-йил якунига қадар босқичма-босқич «Халқ банки»нинг ягона электрон маълумотлар базасидан Пенсия жамғармаси ахборот тизимига ўтказилади.

Шунингдек, Пенсия жамғармаси ҳузурида жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш ва барқарор пенсия тизимини яратиш бўйича халқаро консультантлардан иборат лойиҳа офиси ташкил этилиши таклиф қилинмоқда.

Хусусий ва корпоратив пенсия жамғармалари ташкил этилиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2027-йил якунига қадар хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланиши таклиф этилмоқда.

Бунда фуқароларнинг кексаликда молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш учун маблағларни ихтиёрий жамғариш бўйича молия бозорида рақобат муҳитини шакллантириш ва фуқароларга мустақил танлов имконини бериш мақсад қилинган.

Шунингдек, фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ажратмаларини шартли ва шахсий ҳисобга олиш, давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш ва келажакдаги пенсияни фуқаронинг ўзи жамғаришига асосланган тизимни босқичма-босқич жорий этиш бўйича алоҳида фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ҳам ўзгаришлар бўлади

2027-йил 1-январдан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқни қатъий белгиланган тартибда тўлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Уларга ижтимоий солиқни йил давомида бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар тўлаган ижтимоий солиқнинг 10 фоизи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилади. Бу маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади.

Бундан ташқари, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда эса 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклардан расмий даромад талаб қилинмаслиги кўзда тутилган.

Пенсия тизими харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади

2027-йил 1-январдан фуқаронинг иш стажига қўшиб ҳисобланадиган, бироқ ижтимоий солиқ ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар, шунингдек, пенсияларни энг кам миқдорларга етказиш, пенсияларга устама ва қўшимча тўловларни молиялаштириш билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, корхона ва ташкилотларга ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзлар беришга йўл қўйилмаслиги, амалдаги имтиёзларни эса 2030-йил 1-январдан бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Пенсия тизимидаги ислоҳотлар қачон кучга киради?

Ҳозирда мазкур ҳужжат Президент фармони лойиҳаси ҳисобланади ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳада белгиланган чораларни амалга ошириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2026-йил 1-декабрга қадар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланиши назарда тутилган.

Демак, лойиҳада келтирилган пенсия ёши, иш стажи ва бошқа тартиблар ҳозирча амалдаги қоидаларни ўзгартирган эмас. Уларнинг кучга кириши учун белгиланган тартибда ҳужжатлар қабул қилиниши керак.

Фармон лойиҳасида, шунингдек, пенсия тизими бўйича аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида маҳаллаларда ҳар ой «Пенсия куни» ўтказиш ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш ҳам таклиф қилинмоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid