Помидор, қовоқ, картошка: февралда қайси маҳсулотлар қимматлашди?
Феврал ойида нархлар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига ошган. Шунингдек ички ва халқаро йўловчи транспорти хизматлари ҳам сезиларли ошган.
© SI asosida yaratilganМиллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил февраль ойида Ўзбекистонда истеъмол товарлари ва хизматлар нархи ўртача 0,6 фоизга ошган.
Йиллик ҳисобда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 7,3 фоизни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пастроқ: 2025 йил февраль ойида инфляция 10,1 фоизни ташкил этган эди. Шу тариқа, йиллик инфляция суръати бир йил ичида 2,8 фоиз бандга пасайган.
Нарх-наво қандай ўзгарди?
Февраль ойида нархлар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига ошган. Уларнинг нархи ўртача 0,9 фоизга қимматлашган. Ноозиқ-овқат товарлари нархи ўртача 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,6 фоизга ошган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида помидор (12,1 фоиз), қовоқ (11,7 фоиз), картошка (5 фоиз), олма (4,1 фоиз), узум (3,5 фоиз), банан (3 фоиз), қўй гўшти (2,6 фоиз), шакар (2,1 фоиз) ва сабзи (1,8 фоиз) нархи сезиларли ошган.
Шунингдек, паранда гўшти 1,4 фоизга, мол гўшти (суяксиз гўштдан ташқари) 1,6 фоизга қимматлашган. Товуқ тухуми 0,7 фоизга, обинон 0,6 фоизга ва биринчи навли буғдой уни 0,5 фоизга ошган.
Қайси маҳсулотлар арзонлади?
Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса пасайган. Хусусан, бодринг 13,8 фоизга, мандарин 5,6 фоизга арзонлаган. Шунингдек, барча навдаги гуруч ва гуруч маҳсулотлари нархи 0,9 фоизга пасайган. Бу омиллар инфляциянинг умумий суръатини бироз пасайтирган.
Ноозиқ-овқат товарлари сегментида қимматбаҳо металлардан тайёрланган никоҳ узуклари нархи 1,5 фоизга, томир кенгайтирувчи препаратлар нархи эса 0,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, АИ-92 маркали бензин нархи 0,5 фоизга арзонлаган.
Хизматлар нархи
Феврал ойида айрим хизматлар нархи ҳам ошган. Хусусан, узоқ масофага қатнайдиган поездларда йўл ҳақи 14 фоизга қимматлашган. Маиший чиқиндилар учун тўлов 4,7 фоизга ошган.
Шунингдек, ички ва халқаро йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 4,4 фоизга, эркаклар ва ўғил болалар учун сартарошхона хизматлари 0,9 фоизга, стоматологик профилактик хизматлар 1 фоизга ҳамда таксида йўл ҳақи 0,9 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, январ ойида инфляция 0,7 фоизга пасайган эди.





