add

Президент: «Жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз!»

Bugun 13:542381 daqiqa

Шавкат Мирзиёев жиноий тўдалар иқтисодиёт ва жамиятга таҳдид эканини таъкидлаб, уларга барҳам берилишини очиқ билдирди.

Президент: «Жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз!»

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жиноий тўдалар фаолиятига нисбатан кескин ва принципиал муносабат билдирди. Давлат раҳбари сўнгги пайтларда қонунни писанд қилмай, ўзини қонундан устун қўяётган айрим жиноий гуруҳлар фаоллашганини очиқ танқид қилди.

Президентнинг таъкидлашича, бундай тўдалар тадбиркорларга босим ўтказиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга уриниб, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказмоқда. Шунингдек, улар томонидан мураккаб молиявий жиноятлар содир этилаётгани, айрим шахслар эса ўзини «қози» деб ҳисоблаб, одамлар ўртасидаги олди-берди муносабатларига ноқонуний равишда аралашаётгани қайд этилди.

Мурожаатномада айтилишича, «осон пул топиш» иллюзияси ортидан айрим спортчилар ҳам жиноий гуруҳлар домига тушиб қолмоқда. Бу эса нафақат алоҳида шахслар тақдири, балки жамият хавфсизлиги учун ҳам жиддий хавф сифатида баҳоланди.

Энг ташвишли жиҳат сифатида, Ўзбекистон фуқароларидан иборат айрим жиноий тўдаларнинг чет давлатларда ҳам фаолият юритаётгани тилга олинди. Президентнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар мамлакатнинг халқаро нуфузи ва имижига салбий таъсир кўрсатмоқда.

“Ҳамма эшитиб олсин: бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз!”, дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шу билан бирга, Президент Ўзбекистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳар қандай шароитда ҳимоя қиладиган мустаҳкам давлат тизими, Конституция ва қонунлар мавжуд эканини алоҳида қайд этиб ўтди.

Teglar

Mavzuga oid