Logo

Президент Қорақалпоғистондаги интенсив боғ иши билан танишди

Ушбу саноатлашган интенсив боғга 55 млрд сўм маблағ йўналтирилган. Боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Лойиҳа доирасида етиштирилган тайёр маҳсулотларни Хитой, Корея ва Россияга экпорт қилиш учун шартномалар имзоланган.

Президент Қорақалпоғистондаги интенсив боғ иши билан танишди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги «ADM Agro» корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажрибани кўздан кечирди.

Жаҳон тажрибасида автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар бошқа тармоқларни ҳам ривожлантириб, кўп тармоқли фаолият юритиши кенг тарқалган. Жиззах вилоятида автомобиль ишлаб чиқараётган «ADM Group» компанияси ҳам шу ёндашув асосида фаолиятини кенгайтирмоқда. Оролбўйида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш унинг янги йўналишларидан бири бўлди.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, Оролбўйининг оғир иқлимида, шўр тупроғида боғдорчилик ўзини оқламайди. 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилган мазкур лойиҳа эса бу қарашларни буткул ўзгартирмоқда.

Боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади.

«Энг муҳими, маҳаллий аҳоли учун 100 та муқим иш ўрни яратилди. Илгари доимий даромад манбаига эга бўлмаган қишлоқ аҳолиси энди ўз ҳудудида ишлаб, оиласига барака киритмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳозирда 69 гектар майдонга АҚШда селекция қилинган 250 минг туб қора олхўри кўчати экилган. Бу нав шўр ерларга жуда чидамли ҳисобланади. У экилганидан сўнг атиги 2 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахт 50-60 килограммгача ҳосил беради. Меванинг йириклиги ва данакнинг осон ажралиши қайта ишлаш учун жуда қулай саналади.

Ердан унумли фойдаланиш ва даромадни кўпайтириш мақсадида дарахтлар орасига ҳосилдор помидор нави экилди. Экин майдонининг ҳар бир гектаридан ўртача 40-45 тонна ҳосил олиш мумкин.

Қайд этилишича, боғда қўлланган замонавий технологиялар сув танқислиги билан боғлиқ муаммога самарали ечим берган. Майдонда ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинган. Оддий суғоришда бир гектар ерга 12 минг литр сув кетади. Янги тизим орқали эса бу сарф бор-йўғи 5 минг литрни ташкил этмоқда. Натижада сув 60 фоизгача тежалади.

Сув тўғридан-тўғри дарахт илдизига боради ва беҳуда сарф бўлмайди. Сув билан бирга берилган минерал ўғитлар 90 фоизгача ўсимлик томонидан ўзлаштирилади. Намликнинг бир маромда сақланиши ҳосилдорликни янада оширади. Тизим тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли юзлаб гектар майдонни биргина оператор бемалол бошқара олади.

Лойиҳа доирасида тайёр маҳсулотларни Хитой, Корея ва Россияга экпорт қилиш учун шартномалар имзолаб бўлинган.

Айтилишича, Кегейлидаги мазкур муваффақиятли тажриба бутун Қорақалпоғистон бўйлаб кенгайтирилади. Интенсив боғлар майдонини 10 минг гектарга етказиб, 40 мингта доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid