Президент Равшан Маматовни ишдан бўшатди

28.01.2026 | 20:591 daqiqa

Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги раҳбари Равшан Маматов Президентнинг фармони билан ишдан олинди.

Президент Равшан Маматовни ишдан бўшатди

Бугун, 28 январ куни Ўзбекистон Президентининг фармони билан Равшан Мамаджанович Маматов Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори лавозимидан озод этилди.

Маълумот учун, Маматов мазкур лавозимга 2024 йилнинг август ойида тайинланган эди.

Меҳнат фаолияти давомида Равшан Маматов Президент администрацияси (аппарати) шўъба мудири, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган.

Президентнинг бир кун аввалги огоҳлантириши

Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Равшан Маматов фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Президенга кўра, Тошкент шаҳрида жиноятчилардан олиб қўйилган синтетик моддалар сўнгги беш йилда 11 карра ошган. Синтетик наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилиб, тўлов криптовалютада бўлган, нарколабораториялар мамлакат ичида очилган.

Шунингдек, қонунчиликда давлат органларининг бу борадаги вазифалари ҳам аниқ кўрсатилмаган. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолгани танқид қилинган.

Ваколати кенгайган агентлик

Эндида агентликнинг масъулияти кучайтирилиб, унга мутасадди идоралар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳо бериш ваколати берилади. Агентлик барча куч ва воситаларга эга бўлади.

1999 йилда қабул қилинган наркотиклар ҳақидаги қонун янгидан ишлаб чиқилади.

Teglar

Mavzuga oid