add

Президент: Шарқ ва Ғарб ўртасида ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз

Bugun 12:13732 daqiqa

Давлат раҳбари мамлакат халқаро мулоқот майдонига айланиб, глобал ҳамкорликда фаол ўрин тутаётганини таъкидлади.

Президент: Шарқ ва Ғарб ўртасида ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз

Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро сиёсий ва иқтисодий мулоқотлар ўтказиладиган муҳим майдон сифатида шаклланиб бораётгани таъкидланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва кўп миллатли халққа йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.

«Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз», — деди президент.

Президент жорий йил Ўзбекистонда бир қатор нуфузли халқаро тадбирлар ўтказилганини эслатиб ўтди. Хусусан, Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, UNESCO Бош конференциясининг сессияси, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити ҳамда халқаро Иқлим форуми мамлакатда ўтказилиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлади.

Минтақавий ҳамкорлик доирасида ҳам муҳим воқеалар қайд этилди. Март ойида Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари учрашиб, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартномани имзоладилар ва «Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация»ни қабул қилдилар. Бу ҳужжатлар Марказий Осиёда барқарорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тошкентда бўлиб ўтган минтақавий давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Шунингдек, Озарбойжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Президентнинг таъкидлашича, бу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқликни кучайтиради.

Ташқи алоқалар географиясига тўхталар экан, давлат раҳбари октябр ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганини қайд этди. Ноябр ойида ўтган Марказий Осиё – АҚШ саммити, Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчилари учрашуви ҳамда Санкт-Петербургда МДҲ раҳбарлари билан бўлган музокаралар ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.

Мурожаатномада иқтисодий мақсадлар ҳам алоҳида тилга олинди. Президентнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ЯИМ ҳажмини 160 млрд долларга етказиш мақсади қўйилган бўлиб, мавжуд салоҳият ва ислоҳотлар туфайли бу маррага 2026 йилнинг ўзида эришиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, юқори қўшилган қийматли соҳалар, «яшил» энергетика, илғор технологиялар, таълим ва тиббиётни ривожлантириш орқали келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд доллардан ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid