add

Президентга йирик маданият ва туризм объектлари лойиҳалари тақдим этилди

Тақдимотда Бухоро шаҳрининг бош режаси, Самарқандда «Ипак йўли» музейини қуриш, Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш лойиҳалари кўриб чиқилган.

Президентга йирик маданият ва туризм объектлари лойиҳалари тақдим этилди

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро маданий тадбирлар натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги устувор вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро маданий маконда ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Самарқандда ўтказилган UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясида 190 мамлакатдан 3 мингдан ортиқ делегат иштирок этди. Ушбу тадбир якунлари бўйича маданий меросни муҳофаза қилиш, таълим ва креатив иқтисодиёт соҳаларида миллий ташаббусларни амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқланди.

Японияда бўлиб ўтган ЭКСПО–2025 кўргазмасида Ўзбекистоннинг иштироки ҳам ижобий баҳоланди. 1,2 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган«Билимлар боғи» павильонига қарийб 1 миллион киши ташриф буюрди. Айни пайтда Саудия Арабистонида ўтадиган ЭКСПО–2030 кўргазмасига тайёргарлик ишлари бошланиб, 3,6 минг квадрат метрли павильон қурилиши режалаштирилмоқда.

Бухорода ўтказилган биринчи Замонавий санъат биенналеси ҳам туризмни рағбатлантирувчи омил сифатида қайд этилди. 70 кун давом этган тадбир 40 дан ортиқ давлатдан ижодкорларни жалб қилиб, қарийб 1,8 миллион ташриф буюрувчини қамраб олди. Шунингдек, халқаро концерт дастурлари ўтказилган шаҳарларда меҳмонхоналар бандлиги 90 фоиздан ошди.

Тақдимотда йирик инфратузилмавий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Самарқандда «Ипак йўли» музейини қуриш орқали шаҳарнинг тарихий меросини замонавий музей форматларида намоён этиш, уни таълим ва маданий мулоқот марказига айлантириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш кўзда тутилган бўлиб, пиёдалар учун қулай йўлаклар ва яхлит музей муҳитини шакллантириш мақсад қилинган.

Алоҳида эътибор Бухоро шаҳрининг янги бош режасига қаратилди. Унга кўра, тарихий-этнографик боғ барпо этилиб, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, савдо ва тижорат объектлари ҳамда юқори тоифали меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Бу шаҳарнинг туристик жозибадорлигини ошириш ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва туризм лойиҳаларини уйғун ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва самарали бошқарувини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid