Путиннинг империявий режалари Украинадан кўра анча кенгроқ — Фридрих Мерц

09.09.2025 | 08:404 daqiqa

Германия канцлери Фридрих Мерц Путин режалари Украина билан чекланмаслигини айтди ва Европани янги геосиёсий шароитга тайёр бўлишга чақирди.

Путиннинг империявий режалари Украинадан кўра анча кенгроқ — Фридрих Мерц
Германия канцлери Фридрих Мерц Владимир Путиннинг империявий амбициялари фақат Украина билан чекланиб қолмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ҳали фақатгина бошланиши. Канцлер Европа иттифоқдошларини устувор йўналишларни қайта кўриб чиқиш ва АҚШ билан муносабатлар ўзгараётган шароитда янги ҳамкорлар излашга чақирди. Мерцнинг сўзларига кўра, Америка ҳамон муҳим иттифоқчи бўлиб қолмоқда, аммо Вашингтон энди ҳамкорликни ўз манфаатлари ва шартлари билан боғламоқда. «Биз Европада ўз манфаатларимизни қайта кўриб чиқишимиз керак — ҳеч қандай ёлғон носталгиясиз», — дея таъкидлади канцлер Sky News агентлигига. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Мерц фикрини қўллаб-қувватлаб, Путинни «йиртқич» деб атади ва уни Украина билан тўхтамайди, деб огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, Россия ҳибрид ва киберҳужумлар, миграция босими орқали Европа жамиятларини йиллар давомида заифлаштирмоқда. Бу хавотирлар Европада аниқ амалиётларда ҳам ўз аксини топмоқда. Le Figaro нашри маълумотларига кўра, Франция ҳукумати мамлакат бўйлаб шифохоналарга 2026 йил мартгача «катта тўқнашув» сценарийсига тайёргарлик кўришни буюрган. Регионал агентликларга яраланган ҳарбийларни — француз ва иттифоқчи давлатларнинг оммавий қабул қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган. Шу билан бирга, НАТО бош котиби Марк Рютте Россия беш йил ичида алянсга ҳужум қилишга тайёр бўлиши мумкинлигини айтган. Дания разведкаси эса 2–3 йил ичида НАТОга аъзолардан бир нечтасига таҳдид юзага келиши, ҳатто 6 ой ичида маҳаллий низо эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.

Teglar

Mavzuga oid