Қашғарда «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Туркманистон» мултимодал йўналиши очилди
Янги транзит йўналиши Марказий Осиё ва Хитойни боғлаб, «Ўрта йўлак» орқали Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имконини яратади.

15 октябр куни Хитойнинг Қашғар шаҳрида «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Туркманистон» мультимодал йўналиши бўйича юк ташиш ҳаракатларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Янги транспорт йўналиши «Марказий Осиё–Хитой» ҳамда «Хитой–Европа» қитъалараро йўлларини диверсификация қилиш, шунингдек, «Ўрта йўлак» транзит имкониятларини ривожлантиришга қаратилган. Ушбу лойиҳа минтақадаги юк ташув тизимини янада самарали ва барқарор қилишни мақсад қилади.
Маросим доирасида Қашғардан 7 та юк автомобили ҳаракатни бошлади. Улар 21 октябр куни Ўзбекистонга, 24 октябр куни эса Туркманистонга етиб бориши режалаштирилган. Юкларнинг бир қисми кейинчалик Туркманистон орқали Озарбойжонга етказилади.
Хитой Транспорт вазирлиги Транспорт хизматлари департаменти директори Цай Туангже таъкидлаганидек, янги маршрут Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой раҳбарларининг ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган иродасининг амалий натижасидир. Унинг сўзларига кўра, бу йўналиш барча иштирокчи давлатлар иқтисодий ўсишига, ўзаро юк ташиш ҳажмларини кўпайтиришга ва «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишга ижобий таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, Қашғар орқали ўтаётган ушбу мультимодал йўналиш нафақат Европа, балки Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш учун ҳам муҳим логистик йўлак сифатида хизмат қилади. Лойиҳа минтақавий савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, транспорт ва инфратузилма соҳасидаги янги ҳамкорлик имкониятларини очиши кутилмоқда.





