Қирғизистон миллий стейблкоин ишга туширди, рақамли қирғиз сўми тайёр

26.10.2025 | 18:151 daqiqa

Binance асосчиси Чанпенг Жао Қирғизистонда миллий стейблкоин ишга туширилганини ва рақамли сўм (CBDC) давлат ҳисоб-китобларида жорий этилишга тайёр эканини маълум қилди. Лойиҳа BNB Chain блокчейнида амалга оширилмоқда.

Қирғизистон миллий стейблкоин ишга туширди, рақамли қирғиз сўми тайёр

Қирғизистон рақамли молия йўналишида янги босқичга қадам қўйди — мамлакат миллий стейблкоини ишга туширилди ва рақамли қирғиз сўми (CBDC) яқин вақтда давлат ва расмий ҳисоб-китобларда қўлланилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Binance компанияси асосчиси Чанпенг Жао (CZ) ўзининг X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон миллий стейблкоини BNB Chain блокчейни асосида ишлаб чиқилган. Шунингдек, мамлакатда Миллий криптовалюта захираси ташкил этилган бўлиб, унга BNB токени ҳам киритилган.

Binance Қирғизистонда технологик ва таълим лойиҳаларини ҳам ривожлантирмоқда. Компания маълумотларига кўра, Binance Academy мамлакатнинг 10 та университети билан ҳамкорликни бошлайди. Шунингдек, Binance иловаси эндиликда қирғиз тилида фойдаланиш учун янгиланган.

Бишкекда бўлиб ўтган тадбирда мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. У ерда Binance ва EthSign платформаси ўртасида блокчейн асосида рақамли ечимлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.

«Биз шунчаки сармоя киритиш эмас, балки стратегик қиймат яратишни мақсад қиламиз. Хурсандманки, @yzilabs миноритар инвестор сифатида қўшилди, EthSign жамоаси эса ўз вазифасини аъло даражада бажарди», — деб ёзди Чанпен Чжао.

Мутахассислар таъкидлашича, Қирғизистоннинг рақамли сўм ташаббуси минтақадаги илк давлат даражасидаги CBDC лойиҳаларидан бири бўлиб, у иқтисодий тизимни рақамлаштириш ва халқаро ҳисоб-китобларда шаффофликни оширишга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid