Logo

Қирғизистонда салбий кредит тарихи сақлаш муддати қисқартирилади

Bugun 18:141 daqiqa

Қарзи ёпилган фуқароларнинг салбий кредит тарихи энди беш йил эмас, икки йил сақланиши таклиф этилмоқда.

Қирғизистонда салбий кредит тарихи сақлаш муддати қисқартирилади

Қирғизистон Миллий банки кредит бюролари фаолиятини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиш киритишни таклиф қилди. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳага кўра, салбий кредит маълумотларини сақлаш муддати қисқартирилади.

Янги тартибга мувофиқ, қарз тўлиқ қопланган ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин салбий кредит тарихи кредит бюроси архивида икки йил давомида сақланади. Амалдаги қоидаларда бу муддат беш йилни ташкил этади.

Шунингдек, 30 минг сомгача бўлган кичик кредитлар бўйича салбий маълумотлар мажбуриятлар бажарилганидан кейин бир йил сақланади.

Ижобий кредит тарихи учун амалдаги тартиб

Айни пайтда ижобий кредит тарихи учун амалдаги тартиб ўзгармайди. Бундай маълумотлар беш йил давомида сақланишда давом этади.

Қарор лойиҳасида тугатилган ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни ҳам кредит тарихидан чиқариш назарда тутилган. Бундай маълумотлар охирги янгиланишдан икки йил ўтгач ўчирилади. Ломбардлар томонидан берилган қарзлар ҳақидаги маълумотларни сақлаш муддати эса бир йил этиб белгиланмоқда.

Яна бир муҳим янгилик — фавқулодда вазият ёки фавқулодда ҳолат сабаб юзага келган кредит ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича кечикишлар салбий кредит тарихига киритилмайди. Бунинг учун қарз олувчи тегишли ариза тақдим этиши ва фавқулодда ҳолат унинг мажбуриятларни бажаришига таъсир қилганини тасдиқлаши керак.

Мазкур ўзгартишлар тўғрисидаги қарор расман эълон қилинганидан етти кун ўтгач кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid