Самарқандда «Starlink» қурилмасини ноқонуний олиб кирган фуқарога жиноят иши қўзғатилди

«Жартепа» постида 6 млн сўмлик Starlink қурилмаси мусодара қилинди. Ўзбекистонда сунъий йўлдош алоқа воситаларини рухсатсиз олиб кириш тақиқланган.

Самарқандда «Starlink» қурилмасини ноқонуний олиб кирган фуқарога жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг «Жартепа» чегара божхона пости ходимлари томонидан навбатдаги ноқонуний олиб кириш ҳолати фош этилди, деб хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси. Тожикистондан кириб келаётган фуқаро бошқарувидаги «Mercedes-Benz» русумли автомашина белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, юкхонада божхона декларациясида қайд этилмаган ва тегишли рухсатномаси бўлмаган 1 дона «Starlink» қурилмаси борлиги аниқланди.

Қиймати тахминан 6 млн сўм деб баҳоланган ушбу орбитал сунъий йўлдош алоқа мосламаси бўйича вилоят Электромагнит мослашув хизмати хулоса берди. Унга кўра, мазкур қурилмани Ўзбекистон ҳудудига махсус рухсатномаларсиз олиб кириш ва ундан фойдаланиш қонунан тақиқланганлиги яна бир бор тасдиқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Қонунчилик талаблари ва тақиқлар

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон ҳудудида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш учун Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа тегишли идораларнинг рухсати талаб этилади. «Starlink» каби сунъий йўлдош алоқа тизимлари миллий хавфсизлик ва ахборот алмашинуви назорати нуқтаи назаридан алоҳида тартибга солинади.

«Starlink» нега тақиқланган?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ноқонуний алоқа воситалари мавжуд радиочастоталар ишига халақит бериши ёки назорат қилинмайдиган ахборот оқимларини юзага келтириши мумкин. Шу сабабли, божхона органлари фуқароларни бу каби қурилмаларни олиб киришда амалдаги қоидаларга қатъий риоя қилишга чақиради.

Аввалроқ Тожикистонда «Starlink» сунъий йўлдошли интернети ишга тушгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид