Қоидабузарлиги билан фахрланган шахс 10 суткага қамалди

27.02.2026 | 16:162 daqiqa

Прокуратура «Uzbelas Performance» раҳбарига нисбатан тайинланган 8,4 млн сўмлик жаримани қайта кўриб чиқиш юзасидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритган эди.

Қоидабузарлиги билан фахрланган шахс 10 суткага қамалди © Foto: Darakchi.uz

Бош прокуратура Тошкентда қоидабузарлиги билан фахрланишини айтган «Uzbelas Performance» автосервиси раҳбари Асадбек Жумаевга нисбатан қўлланилган жазо қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. 26 феврал куни Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилган.

Маълумотларга кўра, Жумаев 2026 йил 16 январда Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси асосида жавобгарликка тортилган. Суд уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг фото ёки видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда тарқатган деб топиб, БҲМнинг 20 баравари — 8,2 млн сўм жарима тайинлаган.

Прокуратура баёнотида қайд этилишича, Жумаев иштирок этган видеоинтервю қўшимча ўрганилган ва ҳолатга холис ҳуқуқий баҳо бериш зарур, деб топилган.

Прокуратура киритган протестдан сўнг, бугун, 27 феврал куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида А. Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг жарима солиш ҳақидаги қарори бекор қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.

Тошкент шаҳар судининг қарорига мувофиқ А. Жумаевга МЖтКнинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

uzbleas

Ўзи нима бўлган?

2026 йил январ ойи бошида Тошкент шаҳрининг Шаҳрисабз кўчасида икки BMW автомобили ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатлангани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Кадрларда автомобилларга турли қўшимча жиҳозлар ўрнатилгани, улардан бирида давлат рақам белгиси йўқлиги кўринган.

Кейинчалик маълум бўлишича, воқеа иштирокчиларидан бири «Uzbelas Performance» автосервиси ходими Асадбек Жумаев бўлган. У блогер Малик Муҳамедовга берган интервьюсида ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, бундай қоидабузарлик учун айрим шахслар 15 суткага қамалиши мумкинлигини, аммо ўзи «кичик жарима» — 10 БҲМ миқдорида тўлов билан чекланганини айтган.

Жумаевнинг таъкидлашича, ҳодисадан сўнг ундан кузатув камералари ёзувларини тақдим этиш талаб қилинган, у эса буни рад этган. Шунингдек, у таниш-билишлар муҳим ўрин тутишини ишора қилиб, «юз сўминг бўлгунча, юзта дўстинг бўлсин» деган иборани келтирган.

«Икки-уч йилдан кейин бу видеони кўрсангиз, қандай муносабатда бўласиз?» деган саволга жавобан у қилмишидан афсусланмаслигини ва барибир фахрланишини айтган.

Шу билан бирга, воқеа YouTube учун видео тайёрлаш мақсадида амалга оширилганини ҳам тан олган.

Интервю оммага тарқалгач, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бошланиб, жамоатчилик ва фаоллар жазо муқаррарлиги ҳамда қонун устуворлиги масаласида расмий идораларни танқид қила бошлади.

Teglar

Mavzuga oid