Қор қоплони Қирғизистон миллий рамзи сифатида эълон қилинди
Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қор қоплони мамлакатнинг миллий рамзи сифатида эътироф этиш ва унинг расмий логотипидан фойдаланиш тартибини белгиловчи қарорни қабул қилди.

Қирғизистонда қор қоплони (қор барси, илбирс) давлатнинг янги миллий рамзи сифатида эълон қилиниб, унинг расмий логотипидан фойдаланиш тартибини белгиловчи қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Қарор мамлакат президентнинг «Қор қоплонини Қирғизистон Республикасининг миллий рамзи сифатида эътироф этиш тўғрисида»ги фармонини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжат иловасига кўра, логотип — ён томондан тасвирланган, боши баланд, нигоҳи олдинга қадалган ва думини кўтариб олган ҳаракатдаги қор қоплони шаклида ифодаланган. У қатъият, олдинга интилиш ва ички кучни рамзий маънода билдиради. Барснинг ўнг оёғидан бошланаётган қадами эса эзгулик ва тўғри йўл рамзи сифатида талқин этилади.
Қарор билан логотипдан фойдаланиш тартиби ҳам белгиланган: давлат мукофотлари, пул тангалар, банкноталар, ёдгорлик медаллари, расмий байрамлар ва тадбирлар, шунингдек сувенир маҳсулотлар, нашрлар, меъморий ва дизайн лойиҳаларида қўллашга рухсат этилади.
Шу билан бирга, логотипни сиёсий ва ноқонуний реклама мақсадида, ҳамда давлат обрўйига зарар етказувчи контекстда қўллаш қатъиян тақиқланади.
Маълумот учун, қор қоплони дунёдаги энг гўзал ва ноёб йиртқич ҳайвонлардан бири бўлиб, асосан Марказий Осиё тоғларида — Ҳимолай, Помир, Тян-Шан, Ҳиндикуш ва Олтойда яшайди. Бу тур 12 мамлакатда учрайди, улар орасида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор.
Қор қоплони халқаро Қизил Китобда «заиф тур» сифатида қайд этилган. Унинг асосий таҳдидлари — браконерлик, яшаш жойларининг йўқолиши ва ёввойи туёқли ҳайвонлар сонининг камайишидир. Шу сабабли у ҳозирда миллий боғлар ва қўриқхоналарда қатъий ҳимоя остида сақланмоқда.





