Logo

Қозоғистон давлат қарзи маълум қилинди

Bugun 17:262 daqiqa

Қозоғистонда давлат қарзи ўтган йилга нисбатан 4,8 трлн тенгега ошди. Молия вазирлиги бу кўрсаткич иқтисодиёт учун хавф туғдирмаслиги ва назорат остида эканини таъкидлади.

Қозоғистон давлат қарзи маълум қилинди

Қозоғистон Мажилисининг пленар йиғилишида мамлакат давлат қарзининг ўсиши муҳокама қилинди. Депутат Ерлан Стамбеков ҳукумат аҳолининг қарз юкини камайтириш сиёсати юритаётган бир пайтда давлатнинг ўзи қарздорликни ошираётганига эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда ҳукумат қарзи ўтган йилга нисбатан 4,8 трлн тенгега кўпайган. Депутат жалб қилинган маблағларнинг катта қисми иқтисодий ривожланиш лойиҳаларига эмас, балки мавжуд қарзларни қайта молиялаштириш ва жорий харажатларни қоплашга сарфланаётганини таъкидлади.

«Агар биз фуқаролардан молиявий интизом талаб қилаётган бўлсак, унда бундай интизом, аввало, давлатнинг ўзида таъминланиши керак», — деди Стамбеков.

Қарз хавфсиз даражада

Молия вазири Мади Такиев давлат ҳам молиявий интизомга амал қилиши кераклиги ҳақидаги фикрга қўшилди. Бироқ у давлат қарзи ҳажми ва уни хизмат кўрсатиш харажатларини алоҳида баҳолаш зарурлигини айтди.

Вазир маълум қилишича, 2026 йил 1 январ ҳолатига давлат қарзи 36,4 трлн тенгени ёки ялпи ички маҳсулотнинг 22,8 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич мамлакат учун белгиланган 32 фоизлик чекловдан анча паст ҳисобланади.

«Давлат қарзи бошқариладиган даражада. Ҳозирча ҳеч қандай салбий оқибатларни кўрмаяпмиз», — деди Такиев.

Янги қарзлар сиёсати

Вазирнинг таъкидлашича, янги қарзлар ҳисобидан эски мажбуриятларни қоплаш халқаро амалиётда кенг қўлланилади. Қозоғистон сўнгги йилларда халқаро капитал бозорларига чиқиб, қарзларини нисбатан паст фоиз ставкаларида қайта молиялаштириб келмоқда.
Шунингдек, мамлакат яқинда Хитой молия бозорида илк бор «панда-бондлар» чиқариб, 500 миллион доллар маблағни йиллик 1,9 фоиз ставкада жалб қилди. Вазир бу жуда паст ставка эканини ва у квазидавлат сектор учун муҳим ориентир яратганини қайд этди.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда давлат қарзи тахминан 36,8 трлн тенгени ёки ЯИМнинг қарийб 20 фоизини ташкил этади. Вазирлик ушбу даража иқтисодиёт учун назорат қилинадиган ва хавфсиз ҳисобланишини билдирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid