
Қозоғистон Каспий қувур тармоғи учун Европадан хавфсизлик кафолатларини талаб қилмоқда
Украина Россия билан уруш давомида Каспий қувур ўтказгичлари консорциуми инфратузилмасига бир неча бор ҳужум қилганди.

Қозоғистон Каспий қувур ўтказгичлари консорциуми (КТК) инфратузилмасига уюштирилган ҳужумлар юзасидан доимий дипломатик музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бакаев маълум қилди.
Остона инфратузилмага берилган зарбалардан сўнг КТКни ҳимоя қилишга интилмоқда
Қозоғистон дипломатик ва экспертлар даражасида КТК инфратузилмасига қилинган ҳужумлар атрофидаги вазиятни муҳокама қилмоқда. Алибек Бакаевнинг сўзларига кўра, Остона бу масалада Қозоғистонда фаолият юритаётган Европа давлатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиларини таклиф қилган. Ушбу масалалар доимий равишда кўриб чиқилмоқда ва музокаралар жараёни тўхтагани йўқ.
Вазир ўринбосари Қозоғистон халқаро ҳамкорларни ва консорциум иштирокчиларини энергетика хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этишга чақиришини таъкидлади. Айниқса, Европа давлатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, чунки айнан Европа КТК орқали нефт экспортининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Украинанинг позицияси ва ҳужумлар тарихи
Алибек Бакаевнинг қайд этишича, ҳозирда ушбу ҳужумлар бўйича Украинанинг расмий позицияси мавжуд эмас. Унинг сўзларига кўра, Киев оммавий баёнотлар бермаган, бироқ дипломатлар ва энергетика соҳаси мутахассислари даражасидаги алоқалар давом этмоқда.
Украина аввалроқ Россия билан уруш давомида КТК инфратузилмасига бир неча бор ҳужум қилган эди:
Ўтган йилнинг кузида: Новороссийск яқинидаги консорциум объектлари ҳудудида дронлар ҳужуми қайд этилган.
2026 йил январ ойида: Қора денгиздаги КТК терминали яқинида Қозоғистон нефтини ташиш билан боғлиқ бўлган «Delta Harmony» ва «Matilda» танкерларига ҳужум қилинди.
Reuters маълумотларига кўра, Терминал сари йўл олган Delta Supreme кемасига ҳам ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берилган.
Навбатдаги ҳужумдан сўнг, Қозоғистон Киевни икки томонлама муносабатларга зарар етиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Томонлар КТК инфратузилмаси хавфсизлиги масалалари бўйича алоқаларни камида 2025 йил бошидан буён давом эттириб келмоқда.





