Қозоғистон янги Конституцияси: ислоҳотми ёки муддат «ноллаштириш»? | «FIKR VAQTI»
Қозоғистонда янги Конституция лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат ҳокимият тизимини қайта шакллантиради, аммо Қосим-Жўмарт Тўқаев муддати атрофида ҳамон айрим саволлар мавжуд.
Қозоғистонда президент Қосим-Жўмарт Тоқаев бошлаган конституциявий ислоҳотлар янги босқичга ўтди. 30 январ куни Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Ҳужжат амалдаги асосий қонуннинг деярли барча бўлимларини қамраб олади ва давлат бошқаруви архитектурасини тубдан қайта кўриб чиқишни назарда тутади.
Лойиҳада парламентни икки палатали тизимдан якка палатали моделга ўтказиш, Халқ кенгашини ташкил этиш, президент ва вице-президент ваколатларини қайта белгилаш каби кенг қамровли ўзгаришлар таклиф қилинмоқда. Расмий баёнотларда бу қадамлар ҳокимият вертикалини модернизация қилиш ва сиёсий институтлар самарадорлигини оширишга қаратилгани таъкидланади.
Шу билан бирга, экспертлар ислоҳотларнинг сиёсий оқибатларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Конституциядаги ўзгаришлар ҳокимият тақсимоти ва масъулият механизмларини қандай ўзгартириши ҳозирча асосий савол бўлиб турибди.
Янги лойиҳада парламентни якка палатали қилиш орқали қонунчилик жараёнини соддалаштириш мақсад қилинган. Бу тезкор қарор қабул қилиш имконини ошириши мумкин, бироқ назорат ва мувозанат тизими қай даражада сақланиши масаласи муҳокама марказида қолмоқда.
Халқ кенгашини ташкил этиш таклифи эса маслаҳат органи сифатида жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга қаратилгани айтилмоқда. Аммо унинг реал ваколатлари ва таъсир механизми ҳали аниқ эмас.
Президент ва вице-президент институтининг қайта белгиланиши эса ижро ҳокимиятидаги масъулиятни тақсимлашга хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, бу ўзгаришлар амалдаги сиёсий балансни қандай ўзгартириши очиқ масала бўлиб қолмоқда.
Жамоатчилик орасидаги асосий хавотирлардан бири — ушбу ислоҳотлар президентлик муддатини «ноллаштириш» имконини бериши мумкинлиги ҳақидаги тахминлардир. Расмийлар бундай иддаоларни рад этмоқда ва ўзгаришлар институционал ислоҳот эканини таъкидламоқда.
Масаланинг сиёсий жиҳатлари «Fikr vaqti» дастурида сиёсатшунослар Бектош Бердиев ва Мухтор Назиров иштирокида муҳокама қилинди.
Экспертларнинг фикрича, Конституциянинг мазмуни ва унинг амалий татбиқи мамлакатда ҳокимият алмашуви маданияти шаклланадими ёки йўқми — айнан шуни белгилаб беради.
Teglar


