Logo

Қозоғистонга киришнинг янги қоидалари: ўзбекистонликлар нимани билиши керак?

1 ноябрдан бошлаб Қозоғистонга борувчи чет эл фуқаролари, жумладан ўзбекистонликлар учун мажбурий электрон рухсатнома олиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади. Сафардан камида 72 соат олдин «QazETA» платформаси орқали расмийлаштирилиши лозим бўлган бу ҳужжатсиз чегарадан ўтиб бўлмайди.

Қозоғистонга киришнинг янги қоидалари: ўзбекистонликлар нимани билиши керак? © Ijtimoiy tarmoqlar

Қозоғистон чет эл фуқаролари учун кириш тартибини ўзгартирмоқда. Энди визасиз режим мажбурий дастлабки электрон авторизация билан тўлдирилади. Бу жараён хорижликларнинг Қозоғистон ҳудудига кириши ва қолиши билан боғлиқ электрон хизматларни расмийлаштириш учун мўлжалланган QazETA (Kazakhstan Electronic Travel Authorisation) давлат рақамли платформасида амалга оширилади. Платформа аллақачон синов тариқасида ишламоқда. Бироқ янги қоидалар 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб тўлиқ кучга киради.  

«QazETA» нима учун керак?

«QazETA» платформасининг асосий вазифаларидан бири мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома беришдан иборат. Бу ерда гап хорижий фуқаролар чегарада фақатгина шахсни тасдиқловчи ҳужжат кўрсатадиган одатий амалиётдан мажбурий дастлабки электрон авторизация тизимига ўтиш ҳақида бормоқда.

Мазкур платформа, энг аввало, Қозоғистон билан визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқароларини ҳисобга олишга қаратилган бўлиб, у хорижликлар учун кенг кўламли рақамли хизматларни бир жумла остида жамлайди.

Янги тизим талабларига биринчилардан бўлиб дуч келадиганлар қаторида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Янги қоидалар қачон ва қандай тарзда кучга киради?

«QazETA» платформаси 2026 йил 1 январдан бошлаб синов тартибида ишламоқда. Хорижий фуқаролар иловани ўз смартфонларига юклаб олиб, ҳозирнинг ўзидаёқ Қозоғистонга сафар қилиш учун электрон рухсатномани расмийлаштиришлари мумкин. Бироқ ҳозирча ушбу рухсатноманинг йўқлиги мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлмайди.

Бироқ мажбурий тартиб чет эл фуқароларига нисбатан 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб қатъий қўлланади ва бу босқичма-босқич амалга оширилади:

·         Биринчи босқич (1 ноябрдан): Халқаро авиарейслар орқали келувчиларга тааллуқли бўлади.

·         Иккинчи босқич (15 ноябрдан): Чегара хизмати Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар чегараларидан ташқарида ўз автомобил транспортида Қозоғистонга кириб келаётган чет элликларда дастлабки электрон авторизация мавжудлигини текширишни бошлайди.

·         Учинчи босқич (30 ноябрдан): Янги қоидалар Қозоғистоннинг барча чегара-автомобил ўтказиш пунктларига тўлиқ татбиқ этилади.

·         Тўртинчи босқич (15 декабрдан): Ўзгаришлар темирйўл ва денгиз транспорти орқали келувчиларга ҳам дахл қилади.

Қозоғистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари сайтида эълон қилинган тушунтиришларга кўра, барча чет эл фуқаролари Қозоғистон Республикасига кириш рухсатномаси учун сафардан камида 72 соат олдин ариза топширишлари шарт.

Берилган рухсатнома 180 кун мобайнида амал қилади ва ундан бир неча бор сафар қилиш учун фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, электрон авторизация виза ҳисобланмаслиги ва чегарадан кафолатли ўтишни таъминламаслиги алоҳида таъкидланмоқда. Қозоғистонга кириш масаласи бўйича якуний қарорни мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Чегара хизмати қабул қилади.

Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон чегарасини бир миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароси кесиб ўтган. Бундан ташқари, янги қоидалар Қозоғистонга кириши учун виза талаб қилинмайдиган яна 77 та давлат, жумладан Хитой, Германия, АҚШ ва БАА фуқаролари учун ҳам мажбурий ҳисобланади.

Янги қоидалар — миграция ислоҳотининг муҳим қисми

Шуни таъкидлаш жоизки, «QazETA» тизими Қозоғистон миграция сиёсатининг янада кенг кўламли ислоҳоти ҳисобланади. Уни жорий этиш президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг 2026 йил 25 апрелдаги фармойишида ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжат фақатгина киришни назорат қилиш билан чекланиб қолмайди. «QazETA» чет эл фуқаролари учун резидентлик олиш механизмларини ҳам ўз ичига олган ҳолда, турли электрон хизматларни ягона платформага бирлаштириши кўзда тутилган.

Платформа концепцияси асосан рухсат берувчи бюрократик миграция сиёсатидан Қозоғистонга инвесторлар, тадбиркорлар ҳамда юқори малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган очиқ сиёсатга ўтишни назарда тутади.

Шу тариқа, «QazETA» бир йўла иккита асосий вазифани бажариши керак:

·         Биринчидан, давлатга чегарани кесиб ўтиш ниятида бўлган ҳар бир шахс ҳақида олдиндан аниқ маълумот олиш имконини беради.

·         Иккинчидан, Қозоғистонга нафақат сайёҳ, балки иш, бизнес ёки узоқ муддатли яшаш мақсадида келаётган чет элликлар учун қулай ва ягона рақамли инфратузилмани яратади.

Таъкидлаш жоизки, «QazETA»нинг ишлаш принципи Европанинг «ETIAS» (European Travel Information and Authorisation System) тизимига муайян маънода ўхшаб кетади. Ушбу тизим каби, Қозоғистон ҳам сайёҳнинг мамлакатга келишидан олдин дастлабки электрон авторизациядан ўтишини талаб қилади. Шунингдек, АҚШда «ESTA», Буюк Британияда эса «ETA» тизимлари амал қилади.

Teglar