
Қурилиш корхоналарига берилган солиқ имтиёзлари ортиб, тўланган солиқлар камайди
Ўзбекистонда фаолият юритаётган қурилиш корхоналарига 10 ойда 2,2 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари берилди. 2025 йилда тўланган солиқлар эса ўтган йилга нисбатан анчайин камайди.

2025 йил январ–октябр ойларида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи 30 893 та юридик шахс томонидан 7 трлн 157,4 млрд сўм солиқ тўланган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур корхоналарнинг 10 ойлик товар айланмаси 148 трлн 591,1 млрд сўмни ташкил этган. Шу жумладан, уларга нисбатан 2 трлн 278,3 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилган.
Шунингдек, жами солиқларнинг 16,7 фоизи 20 та корхона улушига тўғри келмоқда. Уларнинг жами товар айланмаси 20,7 трлн сўмдан зиёд, улар фойдаланган солиқ имтиёзлари миқдори эса 410,8 млрд сўмни ташкил этди.
Энг кўп солиқ тўлаган 20 та корхона рўйхатида «Discover Invest» (162,3 млрд сўм), «Agromir Buldings» (92,6 млрд сўм), «Trest-12» (86,5 млрд сўм) компаниялари етакчилик қилган.
2024 йилнинг январ–октябр ойларида энг кўп солиқ тўлаганлар рўйхатининг кучли учлигидан «Discover Invest» (102,4 млрд сўм), «UET Construction» (92,6 млрд сўм) ва «O‘zshahar Qurilish Invest» (87,2 млрд сўм) корхоналари жойлашган бўлса, 2025 йилда «O‘zshahar Qurilish Invest» компанияси (31,1 млрд сўм) рўйхатда 19-ўринда, «UET Construction» эса (43,2 млрд сўм) рўйхатнинг 14-поғонасидан жой олган.
Таққослаш учун, 2024 йилнинг январ–октябр ойларида 32 489 та қурилиш корхонаси 7 трлн 585,9 млрд сўм солиқ тўлаган. Яъни, 2025 йилда солиқлар ўтган йилга нисбатан 428,5 млрд сўмга камайган.
Бундан ташқари, 2025 йилда солиқ тўловчи қурилиш корхоналари сони 1 596 тага камайган бўлса ҳам, корхоналарнинг жами товар айланмаси 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 22,4 трлн сўмга ошган.
Шу билан бирга, 2025 йилнинг 10 ойида қурилиш корхоналарига қўлланилган солиқ имтиёзлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 895,6 млрд сўмга ортган.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида йирик қурилиш ташкилотлари томонидан 61,6 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.





