Қурол ва хакерлар: Шимолий Кореянинг валюта тушумлари сўнгги 8 йилдаги энг юқори даражага чиқди

Bugun 13:302 daqiqa

Ким Чен Ин режими киберҳужумлардан йилига камига 1 млдр доллар даромад топиши ҳамда Россияга тахминан 14 млрд долларлик қурол ва ҳатто ҳарбий кучлар юборгани айтилади.

Қурол ва хакерлар: Шимолий Кореянинг валюта тушумлари сўнгги 8 йилдаги энг юқори даражага чиқди

Шимолий Кореянинг валют тушумлари сўнгги саккиз йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, бу ўсишнинг асосий омиллари Россияга Украинага қарши уруш учун қурол етказиб бериш ва глобал киберҳужумлардан олинаётган даромадлардир. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

ODNI (АҚШ Миллий разведка директори офиси)нинг 18-март куни эълон қилинган йиллик ҳисоботига кўра, КХДР 2018-йилда жорий этилган қатъий халқаро санкциялар таъсирини деярли йўққа чиқаришга муваффақ бўлган.

Кибержиноят – давлат бизнеси сифатида

Шимолий Корея ҳар йили камида 1 млрд доллар миқдорида киберҳудуддаги ноқонуний операциялар орқали даромад топади. Бу маблағлар тўғридан тўғри Ким Чен Ин режими армияси ва янги ракета ҳамда ядровий технологияларни ишлаб чиқишга йўналтирилади.

АҚШ разведкаси бир неча асосий усулларни ажратиб кўрсатади:

— Хакерлар армияси: махсус гуруҳлар молиявий маблағларни (жумладан криптовалюталарни) ўғирлаш ва саноат шпионажи билан шуғулланади;

— Ниқобланган IT-мутахассислар: КХДР минглаб мутахассисларни сохта ҳужжатлар билан дунё бўйлаб ишга жойлаштиради, улар компанияларга кириб, молиявий ва махфий маълумотларга етишади;

— Санкцияларни четлаб ўтиш: Пхенян хавфсизлик чораларини айланиб ўтишда «жуда мураккаб ва ихтирочан» усулларни қўллайди, бу эса унинг кибердастурини дунёдаги энг мослашувчанлардан бирига айлантиради.

Кремл билан алянс

Хакерликдан ташқари, даромаднинг яна бир муҳим манбаи Россия билан ҳарбий ҳамкорликдир. Экспертлар баҳосига кўра, Шимолий Корея Россияга Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш учун тахминан 14 млрд долларлик қурол ва ҳатто ҳарбий кучлар юборган.

Бу ҳамкорлик Ким Чен Инга нафақат молиявий фойда келтиради:

— Жанг тажрибаси: шимолий кореялик ҳарбийлар замонавий уруш тажрибасини амалда олади;

— Технологик алмашинув: Россия КХДРга ҳарбий технологиялардан фойдаланиш имконини бермоқда, бу эса қитъалараро баллистик ракеталарни такомиллаштиришга ёрдам беради.

Жаҳон миқёсидаги таҳдид

Ҳисоботда таъкидланишича, санкциялар самарадорлиги пасаймоқда, чунки КХДР барқарор ва назорат қилиш қийин бўлган даромад манбаларини яратган. Режимнинг Жанубий Корея, Япония ва АҚШга қарши асимметрик имкониятлардан фойдаланишга тайёрлиги минтақавий ва глобал барқарорлик учун «жиддий таҳдид» сифатида баҳоланмоқда.

Пхенян ўз ядровий арсеналини кенгайтириш сиёсатидан воз кечмаяпти. Бу эса тез-тез ўтказилаётган синовлар ва уран бойитиш қувватларининг фаол ривожланиши билан тасдиқланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid