Рамазон-2026: Закот, фитр ва фидя нархлари маълум бўлди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби ва фитр садақасининг янги миқдорларини эълон қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилди.
Закот нисоби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000 (юз миллион) сўм деб белгилади.
Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000 (юз миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5 фоиз)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.
Фитр садақаси миқдори
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.
Фидя миқдори
Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.





