Рамазон ойида қандай овқатланиш зарур?

21.02.2026 | 05:002 daqiqa

Рамазон ойида тўғри овқатланиш ортиқча вазн хавфини камайтиради ва организмни самарали тиклайди.

Рамазон ойида қандай овқатланиш зарур?

Рамазон ойида нотўғри овқатланиш инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўзадорлар учун соғлом овқатланиш юзасидан ўз тавсияларини ишлаб чиқди. Уларга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўлиш, қон босими ва организмдаги холестерин миқдорини пасайтиришга эришиш мумкин.

Кўп миқдорда сув ичинг!

Ифторлик ва саҳарлик оралиғида кўп миқдорда сув ичиш тавсия этилади. Кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп терлашни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис кун давомида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш эҳтиёжи юзага келади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.

Серсув маҳсулотлар тановул қилиш орқали ҳам бу меъёрни қисман қоплаш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин дессерт сифатида ҳўл мевалардан ейиш фойдали.

«Ачиқ-чучук» салати таркибидаги бодринг ва помидор ҳам серсув неъматлар ҳисобланади.

Шўрва ёки сабзавотли салатлар сингари сувга бой таомларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.

Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб турган маъқул. Чунки бу модда инсон организмида сув миқдори камайиши (дегидрация)га олиб келади.

Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқармаслик зарур.

Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келади. Қисқа муддатли сайр ёки чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Аммо кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.

Организмни қайта тиклаш

Ифторликни 1-2 дона хурмо ва илиқ сув билан бошлаш — қондаги қанд миқдорини тез тиклаш ва овқат ҳазм қилиш тизимини «уйғотиш»га ёрдам беради. Ёғли, қовурилган ва хамирли таомлардан тийилиш керак. Печда пиширилган ёки димланган гўшт ва сабзавотлар энг мақбул танловдир.

Teglar

Mavzuga oid