Рамазон ойида қўшимча ёрдам пуллари кимга ажратилиши маълум бўлди
Рамазон ойи муносабати билан давлат томонидан ижтимоий реестрга киритилган баъзи оилаларга ёрдам пули берилади.

Ўзбекистон Президенти қарорига мувофиқ, Рамазон ойида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қўшимча бир марталик молиявий ёрдам ажратилади. Қарорга кўра, ёрдамлар аниқ мезонлар асосида Ижтимоий реестр орқали амалга оширилади.
Ёрдам пули кимлар учун?
Жумладан, Ижтимоий реестрдаги «давлат таъминотидаги оила» тоифасига кирувчи хўжаликлар, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи фуқаролар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидаги фуқароларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули тўланади. Бу чора Рамазон ойида уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, «камбағал оила» тоифасига киритилган ҳамда маҳалла томонидан қўшимча рўйхатга олинган оилаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бу орқали кам даромадли аҳоли қатламининг кундалик эҳтиёжларини қоплашга кўмаклашиш мақсад қилинган.
Қарорда соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 6 минг нафар бемор фуқаронинг даволаниши ва зарур жарроҳлик амалиётлари харажатлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ижтимоий ёрдамлар тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мазкур дастур Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида амалга оширилади. Масъул идоралар ёрдамларнинг манзилли ва шаффоф тақсимланишини таъминлашини маълум қилди.
Аввалроқ Президент Рамазон ойида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн сўмдан кўпроқ маблағ йўналтиришни белгилаган эди. «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 млрд сўм, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали эса яна 300 млрд сўм ажратилди.





