Рамазонда Қуръон хатм қилган қориларга Президент номидан 10 млн сўмдан ҳадя топширилди
Рамазон ойида Ўзбекистондаги қарийб 20 минг нафар диний соҳа ходимларига «Вақф» фонди орқали моддий ёрдам ажратилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Рамазон ойида қарийб «Вақф» фонди орқали қарийб 20 минг нафар диний соҳа ходимларига 80 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам ажратилган.
Жумладан, мамлакат бўйлаб таровеҳ намозларида Қуръон хатм қилинган қарийб 1800 та масжидда хизмат қилган 3600 нафардан ортиқ қориларнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан ҳадя топширилган.
Шу билан бирга, Уламолар кенгашининг 100 дан ортиқ фахрий аъзоларига ҳам 10 миллион сўмдан моддий рағбат берилган.
Республикадаги барча жомеъ масжидлари имом-хатибларига — 7 млн сўм, мударрисларга — 4 млн сўм, отинойи ва маҳалла муллаларига — 2 млн сўмдан ҳадя берилган. Масжидларда фаолият юритувчи муаззин, қоровул ва масжид тозаловчиларга эса 1 млн сўмдан ажратилган.
Эҳтиёжмандларга — 1,05 трлн
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ойида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш учун 1,05 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтиришни белгилаб берган эди.
16 феврал куни бўлиб ўтган йиғилишда «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тақдим этилди. Уларни амалга ошириш учун «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 млрд сўм, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали эса яна 300 млрд сўм ажратилиши белгиланди.
Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаш назарда тутилган эди.





