Рақамлашаётган бюджет: Ўзбекистонда 29 минг ташкилот янги тизимга ўтмоқда
2026 йил 1 августга қадар бюджет буюртмаларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган.

Сўнгги йилларда давлат молиясини бошқариш жараёнларини рақамли трансформация қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, бу жараён давлат молияси тизимида тезкор, шаффоф ва ишончли бошқарув муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
2025 йил 26 декабрда қабул қилинган PQ-388-сон Президент қарорига мувофиқ, келгуси йиллар учун бюджет ташкилотлари тақдим этадиган харажат буюртмаларини электрон кўринишда тайёрлаш ва юритиш механизмларини 2026 йил 1 августга қадар ишга тушириш вазифаси юклатилган.
Бюджет буюртмаси нима?
Бюджет буюртмаси — бюджет ташкилотларининг келгуси давр учун бюджетдан ажратиладиган маблағларга бўлган эҳтиёжини асословчи ҳужжат. Унда харажатлар бюджет таснифига мувофиқ моддалар кесимида шакллантирилади.
Янги тартибга кўра, мазкур ҳужжатни тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади. Натижада 29 мингдан ортиқ бюджет ташкилотларида қоғоз сарфи қисқаради, молия ва бухгалтерия ходимларининг иш юкламаси енгиллашади.
Янги имкониятлар
Аввал бюджет буюртмалари фақат харажат моддалари ва маблағлар миқдори билан чекланган бўлса, эндиликда унда харид қилиниши режалаштирилган товар ва хизмат турлари ҳамда ҳажми ҳақида маълумотлар акс эттирилади.
Бу бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харидлар аниқлигини таъминлаб, «Давлат харидлари» ахборот тизимида параметрларни тўғри шакллантириш имконини беради. Шунингдек, бюджетни тузиш ва ижро этиш ахборот тизимлари ўзаро уйғунлаштирилиб, қарор қабул қилишда харажатларни чуқур таҳлил қилиш ва аудит жараёнларини самарали ташкил этиш имкониятлари кенгаяди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, давлат молиясини бошқаришда рақамли технологияларни жорий этиш ва такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилади.





