add

Россия газининг Европага экспорти ярим асрлик минимумга тушди

Bugun 10:002 daqiqa

2025 йилда Россиянинг Европага қувур орқали газ экспорти кескин қисқариб, ҳажм жиҳатидан 1970-йиллар бошида қайд этилган даражага тенглашди.

Россия газининг Европага экспорти ярим асрлик минимумга тушди

2025 йил якунларига кўра, Россиянинг Европага қувур орқали газ экспорти 44 фоизга қисқариб, сўнгги ярим асрдаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда Reuters Европа газ транспорт операторлари бирлашмаси — ENTSOG маълумотлари асосида ҳисоб-китоб қилган.

Агентликка кўра, 2025 йилда Россия Европага бор-йўғи 18 млрд метр куб қувур гази етказиб берган. Бу кўрсаткич 1975 йилдаги даража (19,3 млрд куб метр)дан ҳам паст бўлиб, экспорт ҳажми деярли 1970-йиллар бошига қайтганини англатади. Таъкидланишича, бундан паст ҳажм фақат 1973 йилда — Сибирдан Европага газ етказиб бериш бошланган илк йилда қайд этилган (6,8 млрд куб метр).

Reuters бу пасайишни икки асосий омил билан изоҳлайди. Биринчиси — Украина орқали Россия газини транзит қилиш бўйича келишувнинг 2025 йил 1 январда тугаши. Иккинчиси — Европа Иттифоқининг Россия ёқилғисига қарамликни босқичма-босқич қисқартириш сиёсати.

Маълумотларга кўра, 2018–2019 йилларда Россиянинг Европага газ экспорти йиллик 175–180 млрд куб метрга етган эди. Ҳозир эса Европага газ фақат «Турк оқими» орқали етказиб берилмоқда. Ушбу қувур Туркия орқали Сербия, Венгрия ва Словакияга газ олиб ўтади. Европа учун қолган ягона транзит йўналиш айнан шу ҳисобланади.

ENTSOG маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ойида «Турк оқими» орқали Европага газ етказиб бериш кунлик ўртача 56 млн метр кубни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 12,9 фоизга, ноябрь ойига нисбатан эса 3 фоизга кўп. Шунга қарамай, йиллик ҳисобда Европага экспорт ҳажми фақат 7 фоиз атрофида ўсган, холос.

Reuters шуни ҳам эслатадики, Россия Европага қувур газидан ташқари суюлтирилган табиий газ (СТГ)ни ҳам танкерлар орқали етказиб беради. Ҳозирда Россия АҚШдан кейин Европа Иттифоқига газ етказиб берувчи иккинчи йирик давлат ҳисобланади.

Шу билан бирга, декабрь ойи бошида Европа Иттифоқи кенгаши ва парламенти Россия газидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича регламент лойиҳаси юзасидан дастлабки келишувга эришди. Унга кўра, Россиядан қувур гази импорти 2027 йил кузидан, СТГ импорти эса 2026 йил охиридан тўлиқ тақиқланиши режалаштирилган. Қонун кучга киргач, мавжуд шартномалар учун қисқа ўтиш даври сақланиб қолади.

Москва эса Ғарб санкцияларини ноқонуний деб ҳисоблаб, Россия билан савдони тўхтатиш талабларини иқтисодий босим ва асоссиз таҳдид сифатида баҳолаб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid