
Россия генералини ўлдиришда айбланган ўзбекистонлик эркак умрбод қамалди
Аҳмаджон Қурбонов генерал-лейтенант Игор Кирилловни ўлдирганини тан олган.

Москвадаги 2-Ғарбий округ ҳарбий суди ўзбекистонлик Аҳмаджон Қурбоновни Россия Қуролли Кучларининг радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя кучлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кирилловнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни содир этишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Суд қарорига кўра, Қурбонов жазосининг дастлабки 10 йилини қамоқда, қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи керак. Шунингдек, унга бир миллион рубл жарима солинди.
Тергов маълумотларига кўра, «Қурбонов террорчилик ҳужумини амалга оширган» дея топилган.
Суд иш бўйича яна учта судланувчига ҳукм чиқарди. Батухан Точиев 22 йилга, Рамазан Падиев 18 йилга ва Роберт Сафарян 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Қурбонов ўз айбини тўлиқ тан олган ва қилмишларидан пушаймон бўлган. Сафарян эса айбини қисман тан олган. Падиев ҳамда Точиев айбини тан олмаган.
Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарпов 2024 йил 17 декабр куни эрталаб Москвадаги Рязан проспектидаги генерал яшаган бино яқинида тўхтаб турган электр скутерда портлатилган бомба оқибатида ҳалок бўлишди. Қурбонов портлашдан бир неча соат ўтгач ҳибсга олинган. Унга терроризм ва ноқонуний қурол савдоси (Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми, «б» банди, 222.1-моддаси 4-қисми ва 223.1-моддаси 3-қисми) айбловлари қўйилган ва судгача ҳибсга олинган.
Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотларига кўра, сўроқ пайтида Қурбонов Украина разведка хизматлари томонидан ёлланганини ва жиноятни содир этгани учун 100 минг доллар ва Европа мамлакатларидан бирига саёҳат қилишни ваъда қилганини айтди. Терговчиларнинг таъкидлашича, Точиев ва Падиев Қурбонов учун Москва вилоятидаги хостелдан хона ижарага олишган. У террористик ҳужумдан кейин у ерда яшириниши керак эди.





