Россия Озарбойжон самолёти учун тўлиқ товон тўлашни бошлади
05.09.2025 | 11:003 daqiqa
Россия Қозоғистонда қулаган Озарбойжон самолёти бўйича AZAL авиакомпаниясига 1 млрд рубл ва йўловчиларга 4,4 млн доллар товон тўлади.

Россия ҳукумати Қозоғистоннинг Оқтау шаҳри яқинида қулаган Озарбойжонга тегишли йўловчи самолёти бўйича товон тўлаш жараёнларини бошлади. Расмий маълумотларга кўра, «АлфаСтрахование» суғурта компанияси орқали AZAL авиакомпаниясига 1 млрд 3 млн рубл миқдорида самолётнинг тўлиқ суғурта тўлови амалга оширилди, деб ёзмоқда Туркиянинг Yeni Shafak нашри.
Шунингдек, ҳалок бўлганлар ва жароҳат олган йўловчиларнинг яқинларига 358,4 млн рубл (тақрибан 4,4 млн доллар) миқдорида товон пули тўланди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги билдиришича, зарар кўрган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан тўлиқ келишувга эришиш учун музокаралар давом этмоқда.
Товон пули олувчилар орасида 15 нафар россияликдан 7 нафари, 38 нафар озарбойжонликдан 35 нафари, 3 нафар қирғизистонлик ва 6 нафар қозоғистонлик йўловчидан 1 нафари бор. Суғурта компанияси барча мурожаатларни шахсан кўриб чиққан ва мос равишда компенсация тўловларини амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 25 декабр куни Бокудан Грознийга учаётган AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт Грозний ҳаво ҳудудида Россия томонидан адашиб уриб туширилган эди. Кейин учувчилар йўналишни Қозоғистонга буриб, Оқтовда шошилинч қўнишга уринган, бироқ самолёт қулаган. Ҳодиса натижасида бортидаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган.
Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, ҳодиса юз бергани учун узр сўраган ва товон тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.





