Россия ва Эрон БМТда: «Starlink» халқаро ҳуқуқни поймол қилмоқда
Россия ва Эрон БМТ майдонида «Starlink» сунъий йўлдошли интернетнет тизими халқаро ҳуқуққа зид деб баҳолаб, унинг ҳарбий ва тижорат технологиялари ўртасидаги чегарани йўқотаётганини билдирди.

Россия ва Эрон вакиллари БМТнинг тинч мақсадларда коинотдан фойдаланиш бўйича қўмитаси йиғилишида «SpaceX» компаниясининг «Starlink» сунъий йўлдошли интернет тармоғини халқаро ҳуқуқни бузишда айблади.
«Bloomberg» нашрининг ёзишича, Россия делегацияси 1967 йилги Коинот тўғрисидаги шартнома талабларига эътибор қаратган. Ушбу ҳужжатга кўра, космик фаолият бошқа иштирокчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши керак. Москванинг фикрича, хусусий компания томонидан бошқарилаётган йирик сунъий йўлдош тармоғи космосдан узоқ муддатли ва барқарор фойдаланиш тамойилларига мос келмаслиги мумкин.
Россия янги сунъий йўлдошлар сонини чеклаш ва тижорат частоталаридан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш қоидаларини аниқлаш бўйича халқаро музокаралар ўтказишни талаб қилди.
Эрон позицияси
Эрон вакиллари эса «Starlink»нинг мамлакат ҳудудида «ноқонуний эксплуатацияси» давлат суверенитетини бузишини таъкидлади. Теҳрон фикрича, «тижорат сунъий йўлдош мега-гуруҳи» миллий ҳукумат санкциясисиз ҳарбий мақсадларда қўлланилмоқда.
Аввалроқ Эрон бу масалани Халқаро электр алоқаси иттифоқида ҳам кўтарган эди. У ерда ҳукумат рухсатисиз телекоммуникация хизматлари кўрсатишни тақиқловчи қоидалар мавжудлиги айтилган.
Эронда «Starlink»дан фойдаланиш расман тақиқланган. Шунга қарамай, сўнгги йилларда мамлакатга тахминан 50 мингга яқин терминал ноқонуний равишда олиб кирилгани айтилмоқда.
Январ ойидаги норозилик намойишлари чоғида ҳукумат интернетга чеклов киритган вақтда намойишчилар айнан шу тармоқ орқали алоқа қилгани қайд этилган.
«Starlink» ва ҳарбий қўлланиш
«SpaceX» компаниясига тегишли «Starlink» тармоғи ҳозирда тахминан 9600 та сунъий йўлдошдан иборат. «Bloomberg» нашрининг таъкидлашича, ушбу тизим Украина ҳарбийлари томонидан Россия босқинига қарши курашда фаол қўлланилмоқда.
Аввал Россия ҳарбийлари ҳам «Starlink» хизматларидан фойдалангани ҳақида хабарлар чиққан эди. Бироқ феврал бошида Илон Маск Россия қуролли кучлари учун терминалларни ўчиргани маълум қилинган.





