
Россия ягона авиаташувчи ҳарбий кемасидан воз кечди
2025 йилда Россия саккиз йиллик таъмир, авариялар ва миллиардлаб харажатлардан сўнг «Адмирал Кузнецов» модернизациясини тўхтатиб, амалда ягона авиаташувчи кемасисиз қолди.

2025 йилда Россия ўзининг ягона авиаташувчи ҳарбий кемаси ҳисобланган «Совет иттифоқи флоти адмирали Кузнецов»ни амалда йўқотди. Саккиз йил давом этган узлуксиз таъмирлаш ишлари, бир неча йирик авариялар ва катта молиявий харажатлардан сўнг кема модернизацияси тўхтатилди, деб ёзмоқда Forbes.
Давлат оммавий ахборот воситалари 2024 йилда ҳам авиаташувчи 2025 йилда хизматга қайтишини даъво қилган эди. Бироқ кема 2018 йил июлидан буён қуруқ докда қолиб кетди ва 2017 йилдан бери бирор марта ҳам жанговор сузишга чиқмаган. 2025 йил ёзида модернизация ишлари расман тўхтатилди, кузда эса кемани консервация қилиш қарори қабул қилинди.
«Адмирал Кузнецов» совет иттифоқи даврида, совуқ уруш охирида лойиҳалаштирилган. У классик авиаташувчи эмас, балки сувости ракета ташувчи кемаларни ҳимоя қилишга мўлжалланган «оғир авиаташувчи крейсер» сифатида яратилган. Кемада Су-33 қирувчилари, Ка-27 вертолётлари ва кемаларга қарши қанотли ракеталар жойлаштирилган.
Ғарб авиаташувчиларидан фарқли равишда, кемада катапулта мавжуд эмас эди — самолётлар трамплин орқали учирилар, бу эса жанговор имкониятларни кескин чекларди. Шунингдек, мазутда ишловчи энергетик тизим қaлин қора тутун чиқариб, кемани халқаро ОАВда масхара мавзусига айлантирган.
Кема хизмати давомида доимий муаммолар билан тилга олинди. 2009 йилда ҳалокатли ёнғин, 2018 йилда 70 тонна оғирликдаги краннинг палубага қулаши, 2019 йилда яна бир ёнғин икки инсон ҳаётига зомин бўлди. Таъмирлаш ишлари инфратузилма носозликлари, молиявий суиистеъмоллар ва коррупция ишлари билан ҳамроҳ бўлди.
2025 йилда Россия учун узоқ ва қиммат модернизация лойиҳасини давом эттириш имкони қолмади. Натижада мамлакат авиаташувчили флотдан амалда воз кечди.





