Россияда барча мобил телефонларнинг IMEI реестри яратилади
Россия давлат Думаси мобил қурилмаларнинг IMEI рақамларини ягона реестрга киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Россия Давлат Думаси барча мобил телефонлар учун ягона IMEI реестри яратишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ташаббус киберфирибгарликка қарши чораларни кучайтиришга қаратилган иккинчи пакет доирасида кўрилмоқда.
Қонунга мувофиқ, мамлакатга олиб кириладиган ҳар бир телефоннинг 15 хонали уникал IMEI рақами махсус ахборот тизимига киритилади. Алоқа операторлари фақат шу базага рўйхатдан ўтган қурилмаларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлади.
ТАССга кўра, Давлат Думасининг рақобатни ҳимоя қилиш қўмитаси биринчи ўринбосари Игор Игошин ушбу механизм ўғирланган телефонлар ва контрабандага қарши курашда самарали бўлишини айтган.
IMEI орқали назорат
SIM-карта расмийлаштиришда оператор шартномага қурилманинг IMEI рақамини киритиши ва рақамни муайян аппаратга боғлаши шарт этиб белгиланмоқда. Бу телефон ва абонент ўртасида тўлиқ идентификация занжирини шакллантиради.
SIM-карта расмийлаштирилаётганда оператор шартномада қурилманинг IMEI рақамини кўрсатиши ва телефон рақамини муайян гаджетга боғлаб қайд этиши шарт бўлади. Қонун муаллифларининг фикрича, реестр ноқонуний айланма ва фирибгарлик схемаларини қисқартиришга хизмат қилади. Рақамли ривожланиш вазирлиги эса база пилотсиз парвоз қурилмаларида қўлланилаётган SIM-карталарни аниқлашга ҳам ёрдам беришини таъкидлаган.
Қонун лойиҳасида IMEI реестридан ташқари бир қатор бошқа чоралар ҳам назарда тутилган. Жумладан, болалар учун махсус SIM-карталар жорий этиш, банк карталари сонига чеклов ўрнатиш, халқаро қўнғироқларни маркировка қилиш ва зарур ҳолларда блоклаш, фирибгар сайтлар ва қўнғироқларга қарши чораларни кучайтириш, шунингдек IMEI талабларини бузган ҳолда SIM-карта сотиш ёки шартнома тузиш учун жавобгарликни қатъийлаштириш таклиф этилган.
Бозорга таъсир
Экспертлар марказлашган маълумотлар тизими шахсий маълумотлар хавфсизлиги бўйича саволлар туғдириши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ қонун ташаббускорлари шаффофлик ва хавфсизлик ўртасида мувозанат таъминланишини таъкидлайди.
Ҳужжат иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Агар қабул қилинса, операторлар ва импортёрлар учун янги техник талаблар жорий этилади, бу эса бозор инфратузилмасига қўшимча мажбуриятлар юклаши мумкин.





