Россияда ҳомиладор аёллар реестри ишга туширилади

22.02.2026 | 18:552 daqiqa

Реестрга ҳомиладорлик жараёни, туғруқ ва боланинг ҳолатига оид маълумотлар киритилади. Россия расмийлари Украинага қарши давом этаётган уруш фонида туғилиш кўрсаткичини оширишга чақирмоқда.

Россияда ҳомиладор аёллар реестри ишга туширилади

Россияда туғилиш кўрсаткичини оширишга қаратилган чоралар доирасида ҳомиладор аёллар реестри яратилади. Маълумотлар банки 1 мартдан иш бошлайди, деб хабар берди 22 феврал куни ТАСС агентлиги ўз ихтиёридаги ҳужжатга таяниб.

Реестрга аёлнинг ҳисобга қўйилиши, репродуктив технологиялар қўлланилган-қўлланилмагани, эҳтимолий оғир ҳолатлар, ҳомиладорлик якунлари, боланинг туғилган санаси ва жойи ҳамда перинатал даврдаги ҳолати ҳақидаги маълумотлар киритилиши режалаштирилган.

Шунингдек, меъёрий кечган ҳомиладорликлар ва тўлиқ муддатда туғилган болалар улуши, перинатал даврда оғишлар, туғма аномалиялар, деформациялар ёки хромосом бузилишлари билан туғилган болалар бўйича статистика юритилиши кўзда тутилган.

Уруш фонида туғилиш кескин камайди

Ҳомиладор россиялик аёллар реестрини яратиш режалари ҳақида 2025 йил октябр ойида Россия бош вазир ўринбосари Татяна Голикова маълум қилган эди. Лойиҳа «демографик вазиятни мониторинг қилиш» мақсадида, айрим касалликларга эга шахслар федерал реестри доирасида амалга оширилиши айтилган.

Ўша йиғилишда Россия президенти Владимир Путин уч ва ундан ортиқ фарзандли кўп болали оилаларни янги меъёрга айлантиришга чақирган. 2026 йил феврал ойида эса у тадбиркорларни туғилишни рағбатлантиришга даъват этган.

Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Россияда 288,8 минг бола туғилган – бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга кам. 2024 йил якунларига кўра, жами 1,222 миллион бола туғилган бўлиб, бу 1999 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир. Табиий аҳоли камайиши қарийб 600 минг нафарга етган. Шундан сўнг Россия ҳукумати туғилиш ва аҳоли сонига оид расмий маълумотларни ёпиқ қилди.

Teglar

Mavzuga oid