add

Россияда ишчи қўллар танқислиги: Москва ва Санкт-Петербургга яна 40 минг ҳиндистонлик келади

Bugun 10:342 daqiqa

Россияда меҳнат бозоридаги ўткир танқислик фонида ҳиндистонлик ишчилар оқими кенгаймоқда. 2026 йил давомида Москва ва Санкт-Петербургга камида 40 минг нафар Ҳиндистон фуқароси ишлаш учун жалб қилиниши кутилмоқда.

Россияда ишчи қўллар танқислиги: Москва ва Санкт-Петербургга яна 40 минг ҳиндистонлик келади

Россияга Ҳиндистондан меҳнат муҳожирларини жалб этиш жараёни жадаллашмоқда. Деҳлидаги меҳнат билан таъминлаш тузилмалари маълумотларига кўра, яқин ойларда камида 40 минг нафар ҳиндистонлик ишчи Россия бозорига кириб келади. Асосий йўналишлар — Москва, Санкт-Петербург ва улар атрофидаги ҳудудлар бўлиб, бу ерларда ишчи кучига талаб энг юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Янги келаётган муҳожирларнинг барчаси 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркаклар ҳисобланади. Улар асосан омбор хўжаликлари, қурилиш, клининг, тўқимачилик ва ишлаб чиқариш соҳаларида ишга жойлаштирилмоқда. Айрим ҳолларда юқори малакали мутахассислар ҳам учрайди, аммо амалда ҳиндистонликларнинг асосий қисми жисмоний меҳнат талаб этиладиган тармоқларга йўналтирилмоқда.

Иш берувчилар таъкидлашича, тил масаласи ҳали ҳам муаммо бўлиб қолмоқда: кўплаб ишчилар рус тилини билмайди, маиший техника ва инфратузилма билан ишлашда ҳам қийинчиликлар учрайди. Шу боис, иш жараёнида кўрсатма ва тушунтиришлар кўпинча ишоралар орқали берилади. Шунга қарамай, иш берувчилар ҳиндистонликларнинг интизоми, жисмонан чидамлилиги ва инглиз тилини билишини устун жиҳат сифатида кўрсатмоқда.

Расмий статистика ҳам бу тенденцияни тасдиқлайди. Агар 2022 йилда ҳиндистонликларга берилган иш рухсатномалари сони 8 мингта атрофида бўлган бўлса, 2025 йилга келиб ҳукумат 70 мингдан ортиқ квота ажратган. Визали давлатлардан келган ишчиларнинг иш берувчига ҳуқуқий боғлангани ва йиллик шартнома асосида ишлаши Россия учун янада қулай механизм ҳисобланади.

Бу жараён Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизгача тушган, иқтисодиёт эса 2,6 млн нафар ходимга муҳтож бўлган шароитда кечмоқда.

Мутахассислар 2030 йилга бориб кадрлар танқислиги 3 млн нафардан ошиб кетишини истисно этмайди. Шу боис, Ҳиндистон Россия учун меҳнат ресурсларининг асосий манбаларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid