
Россияда ўзбекистонлик мигрант калтаклаб ўлдирилгани айтилмоқда
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Россияга нота юборди.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик мигрант Россия “ОМОН” ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига расмий нота юборилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа Хабаровск шаҳрида содир бўлган. Фуқаронинг вафоти билан боғлиқ жараёнлар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги томонидан доимий назоратга олинган. Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан узлуксиз алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Айни пайтда фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш масаласи бўйича тегишли ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳодисанинг барча жиҳатларини холисона ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Хабаровск ўлкаси прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг ҳудудий ваколатхонасига расмий мурожаатлар йўлланган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча фуқаронинг аниқ вафот этиш сабаблари бўйича тасдиқланган хулоса мавжуд эмас. Тегишли Россия идоралари томонидан олиб борилаётган текширув якунлари кутилаётгани, аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши билдирилди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи Ўзбекистон фуқаросига оид хабарлар расман тасдиқланмаган. Ўзбекистон томони ушбу ишни ҳуқуқий меъёрлар доирасида ва тўлиқ шаффоф тарзда ўрганишни талаб қилмоқда.





