Россиядан мигрантларни чиқариб юбориш учун асослар сони икки баробарга оширилади

Bugun 17:302 daqiqa

Хорижий фуқароларни «рухсат этилмаган митингларда иштирок этгани» ёки «Россия қуролли кучларини дискредитация қилгани» учун ҳам депортация қилиш режалаштирилмоқда.

Россиядан мигрантларни чиқариб юбориш учун асослар сони икки баробарга оширилади © Фото: © Дмитрий Рогулин/ ТАСС

13-апрел куни Россия Давлат Думаси кенгаши хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қатор ҳуқуқбузарликлар учун Россиядан чиқариб юборишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақда парламент палатаси раиси Вячеслав Володин маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси жамоат хавфсизлигини ошириш ва хорижий фуқаролар хулқ-атворини назорат қилишни кучайтиришга қаратилган. Ҳужжатга мувофиқ, мигрантлар депортация қилиниши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхати деярли икки бараварга оширилади – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги 22 моддадан 43 моддагача.

Қонун лойиҳаси Россия ҳукумати томонидан март ойида киритилган. Унга кўра, бир қатор моддаларга алоҳида нормалар киритилиб, агар ҳуқуқбузарликни хорижий фуқаро содир этса, жарима билан бирга мамлакатдан чиқариб юбориш жазоси ҳам қўлланилади.

Жумладан, қуйидаги ҳолатлар учун депортация назарда тутилмоқда:

— рухсат этилмаган митингларда иштирок этиш;

— Россия қуролли кучларини дискредитация қилиш;

— Россия ва унинг фуқароларига қарши санкцияларга чақириш;

— мамлакат ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган оммавий чақириқлар.

Шунингдек, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни ошириш ҳам таклиф қилинган. Жумладан: чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузиш, мамлакатга кириш ва унда бўлиш тартибини бузиш, ноқонуний меҳнат фаолияти ва мигрантларни ноқонуний ишга қабул қилиш учун жазолар кучайтирилади.

Володин таъкидлашича, «мамлакатга келган ҳар бир инсон Россия қонунларига риоя қилиши шарт». Унинг қўшимча қилишича, 2024-йилдан буён Давлат Думаси миграция сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган 22 та федерал қонун қабул қилган, шулардан 18 таси депутатлар ташаббуси билан киритилган.

Россиядаги мигрантлар

Россияда мигрантлар сони 2025-йил давомида қарийб 10 фоизга камайди. Масалан, 2025-йил бошида улар сони 6,3 млн кишини ташкил этган бўлса, 2026-йил январ ҳолатига кўра 5,7 млн кишига тушган.

Маълумотларга кўра, бу рақамларни Россия ИИВ миграция хизмати таҳлилий бошқармаси раҳбари Александр Пережогин «Россияда янги миграция сиёсати» конференциясида келтирган. Пережогиннинг айтишича, мигрантлар сонининг 10 фоизга қисқариши, асосан, мамлакатдаги вояга етмаган мигрантлар сони қарийб чоракка камайгани билан боғлиқ. Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волкнинг айтишича, агар хорижий фуқаролар ўз фарзандларига Россияда қонуний яшаш шароитини таъминламаса ёки уларнинг асосий умумий таълим олишини таъминламаса, уларнинг мамлакатда бўлиши «номақбул» деб топилиши мумкин.

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар

Ўзбекистон президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Раҳим Ҳакимов 2026-йил бошида Россияда тахминан 1,3 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси қонуний тарзда меҳнат қилаётганини айтганди. Унинг қайд этишича, 2025-йилда меҳнат миграцияси оқимида муайян ўзгаришлар кузатилган. Ташкиллаштирилган ишга жўнатиш механизмлари орқали Россияга 106 минг киши юборилган. Тахминан 50 минг мутахассис йирик корпорациялар таркибида иш ўринларига жойлашган.

Teglar

Mavzuga oid