Россиядан оғир аҳволда қолган ўзбекистонликлар қайтарилмоқда
17.08.2025 | 13:302 daqiqa
Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги кўмагида амалга оширилаётган «Ватанга қайтариш» лойиҳаси доирасида Россияда оғир аҳволда қолган фуқароларга қайтиш сертификатлари ва авиачипталар берилди. Улар 18 август куни Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.

Санкт-Петербургда оғир ҳаётий вазиятга тушган 100 дан ортиқ ўзбекистонлик ватанга олиб келинади.
Шу билан бирга, хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлган ҳамда оғир моддий аҳволда қолган 33 нафар ўзбекистонликка моддий ёрдам кўрсатилди. Лойиҳа Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлиб турган аёллар ва болаларни ҳам ватандошлари қаторига қўшишни назарда тутади.
Хорижда оғир молиявий аҳволга тушиб қолган фуқаролар консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги хулосаси асосида ватанга қайтарилади.
Ўзбекистонга қайтган фуқароларнинг самарали реинтеграцияси учун давлат томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Улар мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар ҳамда тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади.
Маҳаллий ҳокимликлар, Бандлик вазирлиги ва Оила ҳамда хотин-қизлар қўмиталари ватанга қайтган фуқароларни руҳий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан мослаштириш ишларини амалга оширади.





