add

Россияга қарши ЕИ санкцияларнинг 20-пакети: асосан хуфиёна флот ва банкларга зарба

Kecha 09:382 daqiqa

Европа Иттифоқининг санкциялари 20-пакетида чекловлар асосан хуфиёна флот, банклар ва криптовалюта орқали ҳисоб-китобларга қаратилди.

Россияга қарши ЕИ санкцияларнинг 20-пакети: асосан хуфиёна флот ва банкларга зарба

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Россияга қарши санкцияларнинг 20-пакетини расман эълон қилди. Унинг айтишича, тўртинчи йилга кирган уруш арафасида Европа Иттифоқи Кремлга босимни кучайтирмоқда ва чекловларни Россия иқтисодиётининг энг заиф нуқталарига йўналтирмоқда.

Фон дер Ляйен сўзларига кўра, ўтган бир йил давомида Россия қўшинлари кунига ўртача 15–70 метр илгарилаган, умумий ҳисобда эса ҳудуднинг бор-йўғи 0,8 фоизини эгаллаган. Бу арзимас илгарилаш улкан инсон ва молиявий йўқотишлар эвазига амалга ошган.

«Россия музокара столига фақат кучли босимни ҳис қилгандагина ўтиради. Бу — у тушунадиган ягона тил», деди Европа комиссияси раҳбари.

 

Хуфиёна флотга зарба

Янги пакет доирасида Европа Иттифоқи Россия нефтни ташиш билан боғлиқ барча денгиз хизматларини тақиқламоқда. Бу чора G7 давлатлари билан мувофиқлаштирилади. Санкциялар рўйхатига яна 43 та кема қўшилди, натижада, хуфиёна флотнинг чеклов остидаги кемалари сони 640 тага етди.

Шунингдек, суюлтирилган табиий газ ташувчи танкерлер ва музёрар кемаларга техник хизмат кўрсатиш ҳам чекланади. Бу қарор Россиянинг янги экспорт лойиҳаларига тўғридан тўғри зарба сифатида баҳоланмоқда.

 

Молия ва криптобозор

Европа комиссияси Россиянинг муқобил тўлов каналларини яратиш имкониятларини чеклашга алоҳида эътибор қаратди. Санкциялар рўйхатига яна 20 та минтақавий банк киритилди.

Бундан ташқари, россияликларга криптовалюта орқали санкцияларни айланиб ўтиш имконини бераётган платформаларга нисбатан чекловлар жорий этилмоқда. Учинчи давлатларда Россия билан ноқонуний ҳисоб-китобларга ёрдам бераётган банклар ҳам санкцияларга тортилади.

 

Иқтисодий самара

Фон дер Ляйен аввалги санкциялар натижасини ҳам келтирди. Унинг маълум қилишича, 2025 йилда Россиянинг нефт ва газдан тушган даромадлари 24 фоизга камайган ва бу 2020 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Инфляция юқори даражада сақланиб қолмоқда, асосий ставка эса 16 фоизни ташкил қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid