
«Ryanair» самолётга жинси шим киймасдан чиқишга чақирди
Европадаги энг йирик лоукостерлардан бири «Ryanair» парвоз пайтида жинси кийишдан воз кечишга чақириб, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларни қўзғатди.

2026 йил бошида «Ryanair» авиакомпанияси «TikTok» платформасида жойлаган видеоси орқали йўловчиларни самолётда жинси шимда саёҳат қилмасликка даъват этди. Компания роликда: «Ҳозир 2026 йил, келинг, жинсида парвоз қилишни тўхтатайлик», — деган чақириқ билан чиқди. Видео анъанага мувофиқ кескин муносабатларга сабаб бўлди.
Изоҳларда кўплаб фойдаланувчилар «Ryanair»ни навбатдаги провокацион маркетингда айблади. Айримлар компания кейинчалик жинси кийганлардан қўшимча ҳақ олишини киноя билан сўради. «Ryanair» эса бундай роликлар орқали аудитория эътиборини жалб қилишни одат қилиб олган.
Тиббиёт нима дейди?
Бир қарашда ҳазилга ўхшаган бу чақириқнинг тиббий асоси мавжуд. Қон томир касалликлари бўйича мутахассис, «Metro Vein Centres» клиникаси шифокори Ҳю Пабарюнинг таъкидлашича, парвоз вақтида кийиладиган кийим инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, тор жинси ёки қаттиқ танани сиқиб турадиган либослар оёқларга қон оқимини чеклайди. Айниқса, узоқ парвозларда қон оёқларда тўпланиб қолиши эҳтимоли ортади. Бу эса чуқур веналар тромбози хавфини оширади.
Йўловчилар учун хатар
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бундай ҳолатда инсон оёқларда увишиш, санчиш ёки кучли оғриқни ҳис қилиши мумкин. Узоқ муддат қимирламай ўтириш билан бирга тор кийим кийиш хавфни янада кучайтиради. Шу боис, шифокорлар парвозлар учун кенг, енгил ва қон айланишига халақит бермайдиган кийимларни танлашни маслаҳат беради.
Шу тарзда, «Ryanair»нинг чақириғи маркетинг элементига эга бўлса-да, унинг ортида аниқ тиббий далиллар ётибди. Компания бевосита қоидалар жорий этмаган, аммо муҳокама орқали йўловчиларнинг соғлиғига эътибор қаратган.
Аввалроқ Ирландиянинг ушбу лоукостер авиакомпанияси раҳбари Илон Маск билан ижтимоий тармоқда тортишиб қолгани ва «Ryanair» бу текин рекламадан фойдаланиб, катта даромад топгани ҳақида хабар берган эдик.





