Садир Жапаровдан кутилмаган қарор: Қирғизистонда вилоят ва туманлар тугатилади
Қўшни Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий тузилиш тубдан ўзгаради. Мамлакатдаги барча вилоятлар ва туманлар ўрнига мутлақо янги бошқарув тизими жорий этилиши маълум бўлди.
© nazarnews.orgҚирғизистон маъмурий-ҳудудий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи доирасида мамлакатдаги мавжуд барча вилоятлар ва туманларни тўлиқ тугатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров Новқат тумани аҳолиси билан учрашув вақтида расман маълум қилди, дея хабар бермоқда Akipress.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ушбу йирик ўзгаришлар яқин икки-уч йил ичида тўлиқ амалга оширилиши кўзда тутилган. Натижада, Қирғизистон харитасида мутлақо янги шаклдаги бошқарув тизими — 20 та округ ташкил этилади.
«Ҳозир республикамизда 44 та туман ва 34 та шаҳар мавжуд. Якунда вилоятлар ва туманлар бекор қилиниб, фақатгина 20 та округ қолади. Айтиш мумкинки, янги форматдаги 20 та вилоят пайдо бўлади. Биз айнан шу мақсад сари кетяпмиз», — деди Садир Жапаров.
Ушбу қадам ҳудудларни мустақил бошқариш ва уларнинг республика бюджетидан дотация олишдан чиқишини таъминлашга қаратилган. Президент бутун бошли мамлакат бошқаруви ва иқтисодиётини яхшилаш мақсадида шундай қатъий қарорга келинганини тушунтириб ўтди.
Ислоҳотнинг пилот босқичи
Мазкур йирик ислоҳотни бирданига бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш режалаштирилмаган. Президентнинг тушунтиришича, дастлаб фақат битта округ ташкил қилинади ва у синов тариқасида ишга туширилади.
«Биз бир, икки ёки уч йил давомида унинг қандай ишлашини, мустақил бошқарувга эриша олишини ва дотациядан чиқа олишини кузатамиз. Агар ҳаммаси муваффақиятли ўтса, қолган ҳудудларда ҳам шу тизимга ўтамиз», — дея қўшимча қилди Жапаров.
Қишлоқларни бирлаштириш тажрибаси
Таъкидлаш жоизки, Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳотларнинг биринчи босқичи аллақачон якунланган. Ўшанда мамлакатдаги кўплаб майда овул ҳудудлари ўзаро бирлаштирилиб, йириклаштирилган эди.
Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, айрим қишлоқлар аҳолиси бу ўзгаришлардан норозилик билдирган бўлса-да, умумий олганда биринчи босқич жуда муваффақиятли ўтган. Эндиликда ҳукумат айнан шу ижобий тажрибага таянган ҳолда, туман ва вилоятларни ҳам тўлиқ тугатишдек масъулиятли ва тарихий қадамни ташламоқчи.





