
Самарқандда шифокорлар бемор танасидан деярли 200 грамм михни олиб ташлади
Бемор уларни ютиб юборган. Операция бир соатча давом этган.

Кеча, 5 январ куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига қорин соҳасида кучли оғриқ билан 29 ёшли фуқаро ётқизилган. Шифокорлар беморнинг танасидан деярли 200 грамм мих ва саморезларни олиб ташлашга муваффақ бўлган. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.
Қайд этилишича, ташхис қўйиш ва лаборатория текширувлари натижаларига кўра, беморнинг ошқозон-ичак трактида кўп миқдорда металл буюмлар — михлар ва санчқилар борлиги аниқланган.
«Шошилинч жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Барча тайёргарлик муолажалари бажарилгандан сўнг лапаротомия ва гастростомия операцияси ўтказилди. Беморнинг қорин бўшлиғидан анчагина металл буюмлар - тахминан 200 грамм чиқариб олишга муваффақ бўлинди. Операция бир соатча давом этди», - деган тиббиёт маркази олий тоифали шифокори Йўлдош Қулиев.
Маълумотларга кўра, эркак кучли стресс таъсирида бўлган ва ўз ҳаракатларини назорат қила олмай, юқоридаги нарсаларни ютиб юборган. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли, бемалол ҳаракатлана олиши айтилмоқда.





