Санкт-Петербург губернатори Хайрулло Ибодуллаевни кўкрак нишони билан тақдирлади
Еттинчи қаватдан қулаган болани ушлаб қолган Хайрулло Ибодуллаев губернатор томонидан «Қутқаришдаги жасорат учун» кўкрак нишони билан мукофотланди.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов 7-қаватдан қулаган болани қутқарган ўзбекистонлик Хайрулло Ибодуллаевни «Қутқаришдаги жасорат учун» кўкрак нишони билан тақдирлади. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тақдирлаш маросими 24 феврал куни бўлиб ўтган. Губернатор қаҳрамонга болани қутқариш чоғида кўрсатган жасорати ва фидойилиги учун кўкрак нишони ҳамда эсдалик соати топширган.
Маросимда Александр Беглов Ибодуллаевнинг ҳаракатини «ҳақиқий мардона қадам» дея баҳолади. Унинг таъкидлашича, ўзбекистонлик фуқаро ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда етти ёшли боланинг умрини сақлаб қолган.
«Сизнинг бу ишингиз учун миннатдорчилик билдираман — бу ҳақиқий мардона қадам. Сиз ўзингиз ҳақингизда ўйламадингиз. Ўзингиз жароҳат олдингиз, аммо етти ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолдингиз. Бутун шаҳримиз сизга катта раҳмат айтади. Бундай эзгулик ҳеч қачон унутилмайди. Оилангиз сиз билан фахрланиши мумкин», — деган губернатор маросимда.
Беглов ушбу учрашув ҳақида ўзининг Telegram саҳифасида ҳам маълум қилган.
«Қаҳрамонлар турлича бўлади. Баъзан улар қутқарувчилар формасида, шифокорлар халатида, баъзан эса ишчи кийимида бўлади. Бугун Хайрулло Ибодуллаев билан учрашдим. Унинг жасорати ҳақида бутун шаҳар билади. У иш вақтида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ойнадан қулаган 7 ёшли болани ушлаб қолган. Жароҳат олганига қарамай, болани қўйиб юбормади. Хайрулло клининг компаниясида ишлайди, ўзи тўрт фарзанднинг отаси. Унга бефарқ бўлмагани, ёрдамга тайёрлиги ва инсонийлиги учун «Қутқаришдаги жасорат учун» кўкрак нишонини топширдим», — деб ёзди у.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига хос юксак жасорат, қаҳрамонлик ва фидойилик фазилатларини яққол намоён этгани учун Ибадуллаев Хайрулло Сайдуллаевични «Жасорат» медали билан мукофотлаган эди. Шунингдек, Маргарита Симоньян томонидан Тигран Кеосаян номидаги бир миллион рубллик мукофотга сазовор бўлган.





