
Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ўтказилди
Мазкур учрашувда МДҲ етакчилари йил якунлари ва келгуси ҳамкорлик устуворликларини муҳокама қилди.

22 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Тадбир Санкт-Петербургдаги «Эрмитаж» давлат музейида ўтказилди.
Учрашувда Россия президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян қатнашдилар.
Норасмий учрашув давомида МДҲ доирасида жорий йилда амалга оширилган ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, 2026 йил учун ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Минтақавий барқарорлик ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, савдо-сотиқ учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, инвестиция алоқаларини кенгайтириш ва қўшма кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Энергетика ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида қўшма дастурларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ҳудудлар ўртасида узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш МДҲ маконида барқарор иқтисодий ўсиш учун муҳим омил сифатида баҳоланди.
Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни давом эттириш, айниқса, ёшларнинг ижодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.





