Logo

Шавкат Мирзиёев Италиянинг Тоскана вилояти губернатори билан учрашди

Учрашувда томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Италиянинг Тоскана вилояти губернатори билан учрашди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон – Италия стратегик шериклигини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Барча даражаларда икки томонлама мулоқотлар фаоллашгани ва ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 25 фоизга ошди.

Ўзбекистонда металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида Италиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва асрлик тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туриши таъкидланди. Буюк ипак йўли даврида Флоренсия билан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ўртасида фаол савдо-сотиқ қилинган, флоренсиялик савдогар ва дипломатлар эса Амир Темур саройида қабул қилинган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилда мазкур филиал меҳнат бозорига илк битирувчиларни чиқаради. Прато шаҳрида мамлакатимизнинг тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи ишламоқда. 2024 йилда Флоренсиядаги Уффитси галереясида юртимизнинг авангард санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Тоскана вилояти билан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва заргарлик саноати, қурилиш ҳамда таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.

Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида шериклик алоқаларининг ривожланаётгани ҳамда ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани юксак баҳоланди.

Учрашув якунида Тоскана билан мамлакатимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни назарда тутувчи қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш ва қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

Маълумот учун, Тоскана Италиянинг энг иқтисодий ривожланган ҳудудлари қаторига киради ва кучли саноат салоҳияти, юқори технологияли ишлаб чиқариш, замонавий қишлоқ хўжалиги, жаҳонга машҳур виночилик ҳамда туризм тармоғига эга.

Вилоятнинг маъмурий маркази – Флоренсия эса жаҳон маданияти, илм-фани ва санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган Уйғониш даврининг умумеътироф этилган «бешиги» ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid